Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев бошчилигидаги делегация аъзолари Ҳиндистоннинг Карнатака штатидаги Ачаря институти фаолияти билан яқиндан танишиб қайтган эди. Ушбу институт раҳбарияти билан ишсиз ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш масалалари муҳокама қилинган ва ҳиндистонлик малакали кадрларни Жиззах вилоятидаги “Ишга марҳамат” мономаркази билан ҳамкорликда фаолият олиб бориши бўйича ҳам келишиб олинган эди.
Шунингдек, делегация аъзолари Ачаря институти ва Жиззах вилоятидаги Sambhram институти филиали ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳокама қилиниб, институт вакилларининг жорий йил 25-26 август кунлари Жиззах вилоятига ташрифини амалга оширишга келишиб олинган эди.
Мазкур келишувга асосан, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев Ачаря институти канцлери ва ижрочи директори Шалини Приядаршини Редди Дасани бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув давомида ахборот технологиялари соҳасида икки томонлама ҳамкорликни жаддалаштиришга, маҳаллий ва Ачаря институти ўқитувчи кадрлар ўртасида тажриба алмашиш мақсадида малака ошириш курсларини ташкил қилишга келишиб олинди.
Ташриф доирасида делегация аъзолари Sambhram институтининг Жиззах шаҳридаги филиали фаолияти ва талабаларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан таништирилди.
А.Қаюмов, ЎзА