Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳиндистонлик тиббиёт мутахассислари Бухорода
12:07 / 2022-03-18

Ҳиндистонлик мутахассислар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали ва Вобкент туманидаги субфилиалда бўлиб, аҳолини тиббий кўрикдан ўтказди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали ҳамда Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида жойлашган “JAYPEE” клиникаси ўртасида меморандум имзоланган эди. Унда икки мамлакат тиббиёт соҳаси етакчилари иштирокида тиббий кўриклар ва жарроҳлик амалиётларини ўтказиш орқали мамлакат тиббиётини янги босқичга кўтариш белгиланган. Лойиҳа доирасида ҳар иккала томоннинг имконият ва тажрибалари ўрганилади. Шунингдек, мураккаб йўналишлардаги жарроҳлик амалиётлари биргаликда бажарилади. Филиал ва субфилиалнинг мутахассислари ҳам Ҳиндистонга бориб хориж тажрибасини ўзлаштиради.

Мазкур йўналишдаги ҳамкорликнинг давоми ўлароқ, ташриф буюрган ҳиндистонлик тиббиёт олимлари кардиохирург мутахассислар Саманта Маинак, Лутҳра Манож филиал директори Т.Мусоев ҳамроҳлигида филиал ва Вобкент туманидаги субфилиал фаолияти ва беморлар билан яқиндан  танишди. Мутахассисларимиз билан беморларнинг аҳволи тўғрисида маслаҳатлашилди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида даволанаётган 61 нафар ва Вобкент туманидаги субфилиалда даволанаётган 32 нафар бемор ҳам тиббий кўрикдан ўтказилди. Тасдиқланган ташхис асосида тегишли тиббий тавсия ва маслаҳатлар берилди. Бу каби ҳамкорликни давом эттириш борасида келишиб олинди.

Бундан ташқари хорижлик меҳмонлар Бухоро шаҳрига саёҳат қилиб, шаҳарнинг тарихий меъморий обидалари билан танишди.

Зариф Комилов, ЎзА