Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳиндистонлик шифокорлар болаларни тиббий кўрикдан ўтказди
15:25 / 2022-02-28

Бухоро вилояти Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази 225 ўринга мўлжалланган. Бу ерда 20 та бўлим фаолият кўрсатмоқда.

Муассасада бир йилда 5 мингга яқин турли йўналишдаги жарроҳлик амалиётлари бажарилади. Шифокорларнинг аксарияти Тошкент ва хориждаги етакчи клиникаларда тажриба орттириб, бугунги кунда энг илғор даволаш усулларини амалиётга тадбиқ этмоқда. Халқаро ҳамкорлик эса бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада ошираётир.  


Ҳиндистоннинг “JAYPEE” клиникасидан тиббиёт фанлари доктори, ортопед Гаурав Ратхоре ҳамда тиббиёт фанлари доценти, онкорадиолог Наинах Саманта Бухоро вилояти Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлди. 

– Икки мамлакат ўртасида алоқалар, жумладан тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик тобора мустаҳкамланмоқда, – дейди онкорадиолог Наинах Саманта. – Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган бу саъй-ҳаракатлар нафақат тиббиёт, балки бошқа соҳаларда ҳам қулоч ёзиб бормоқда. Тиббиёт соҳаси вакили сифатида айтишим мумкинки, касалликлар ташхисоти ва уларни даволашда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос ёндошуви ҳамда усуллари мавжуд. Шуни унутмаган ҳолда, биз ҳам ўз тажрибаларимизни ўртоқлашган ҳолда сизнинг шифокорларингиз иш услубидан ва малакасидан ўзимиз учун керакли жиҳатларни олдик. Тиббий кўриклар ва жарроҳлик амалиётлари орқали якдил бўлган ҳолда мамлакатингиз тиббиётини янги босқичга кўтаришга ҳисса қўшишдан умидвормиз.  

Марказ фаолияти билан яқиндан танишган мазкур мутахассислар вилоятдаги ортопедик касалликлардан азият чекиб келаётган бемор болажонларни тиббий кўрикдан ўтказди. Кўрик давомида 40 нафардан ортиқ бемор хорижлик мутахассислар қабулига келиб, керакли тавсия ва маслаҳатларни олди. 

Ортопед Г.Ратхоре “JAYPEE” клиникасининг директори ва ўз мамлакатидаги етук ортопед шифокори саналади. Айнан шу йўналишда у салкам 16 йиллик тажрибага эга мутахассис. Шундан 11 йиллик фаолияти Буюк Британиядаги етакчи клиникаларда ўтган. Унинг иштирокида шу пайтга қадар бажарилган кўплаб жарроҳлик амалиётларидан сўнг мустақил ҳаракатланишдан умидини узган болажонлар қалбига қувонч қайтди. Марказнинг ортопедия бўлимига келган болалар ва уларнинг яқинлари ҳам мана шундай илинж билан мутахассисга юзланди. 

– Мазкур йўналишдаги ҳамкорликнинг биз учун аҳамиятли томони шундаки, жараёнлар биргина тиббий кўрик билан чегараланиб қолмайди, – дейди вилоят Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Аваз Қурбонов.  – Лойиҳа доирасида ҳар иккала томоннинг имконият ва тажрибаларини ўрганиш, мураккаб йўналишлардаги жарроҳлик амалиётларини биргаликда бажариш, қолаверса, бизнинг мутахассислар ҳам Ҳиндистонга бориб, хориж тажрибасини ўзлаштириб келишлари назарда тутилган. Ортопедия йўналишида мураккаб саналган сон-чаноқ бўғими чиқишлари, умуртқа поғонасининг қийшиқлиги каби бир неча турдаги касалликларни жарроҳлик йўли билан даволашда чет эллик мутахассислар билан самарали ҳамкорлик сари дадил қадамлар ташланади. Бу эса бемор болажонларни соғлом ҳаётга қайтариш ҳамда уларнинг яқинлари қувончига қувонч қўшишга замин яратади. 

 Ҳиндистонлик тиббиёт мутахассисларининг болалар ортопедияси ҳамда радиологияси йўналишдаги тиббий кўриклари вилоятнинг бошқа даволаш муассасаларида ўтказилиши ҳам режалаштирилган.  
– Қизим Азиза олти ёшда, – дейди Ромитан туманидан келган Сурайё Асадова. – У туғилганидан буён оёғи ва қўлларидаги нуқсонлари туфайли қийналиб келади. Ҳиндистондан тажрибали мутахассислар ташриф буюрганини эшитиб, келдик. Улар боламни кўрикдан ўтказиб, рентген текширувидан сўнг якуний хулосага келишларини айтишди. 

– Бухоро шаҳрида яшаймиз, – дейди саккиз ёшли Асадбекнинг онаси Сабина Жумаева. – Фарзандим номукаммал остеогенез касаллиги билан дунёга келган. Суяк мўртлигига олиб келувчи бу касаллик таянч ҳаракат тизимини шикастлайди. Ўғлим жуда теран фикрлайди. Инглиз тилига қизиқади. Аммо, кўнглимни хира қиладиган нарса шуки, мустақил ҳаракатлана олмайди. Мана, кўрикка келдик. Биз учун фойдаси тегадиган мужда эшитишдан умидвормиз.  


Зариф Комилов, ЎзА