Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали раҳбарияти Ҳиндистоннинг “JAYPEE” клиникасининг онкорадиологи Наинах Саманта бошчилигидаги бир гуруҳ тиббиёт олимлари билан музокаралар олиб борди.
Учрашувда амалга оширилаётган тиббий хизматлар кўлами, даволаш-диагностик стандартлар, мутахассислар малакасини ошириш ва илмий изланишларда эришилаётган ютуқлар ва белгиланган режалар, олиб борилаётган илмий, амалий-услубий чора-тадбирлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Ўз навбатида, хорижлик меҳмонлар номидан Ҳиндистоннинг “JAYPEE” клиникасининг онкорадиологи Наинах Саманта самимий қабул учун миннатдорлик билдирди. Вилоятда тиббий хизмат сифати яхшиланиб бораётганини эътироф этди. Биргина жарроҳлик амалиёти билан чегараланиб қолмасдан, мураккаб касалликларни олдини олиш ва уларни самарали даволашда илмий-инновацион услубларни кенг қўллаш, ўзаро тажриба алмашиш долзарблигини таъкидлади.
Ўзаро тажриба алмашиш, даволашнинг самарали услубларини қўллаш мақсадида кейинги бир неча кунда ҳиндистонлик мутахассислар иштирокида РШТЁИМ Бухоро филиалида панкреонекроз, механик сариқлик, чурра кесиш ҳамда лапароскопик холецистектомия амалиётлари бўйича бир нечта юқори технологияли мураккаб операциялар муваффақиятли бажарилди.
Деҳлидаги “JAYPEE” клиникаси билан РШТЁИМ Бухоро филиали ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур келишувда тиббий кўрик ва жарроҳлик амалиётларини ҳамжиҳатликда ўтказишни ташкил этиш, ҳар икки томон имконият ва тажрибаларини ўрганиш ва ўзлаштириш назарда тутилган. Меморандумга мувофиқ, жорий йил апрель ойида 10 нафар ва кейинчалик ҳар ойда 4 нафардан филиал мутахассислари “JAYPEE” клиникасида ҳамкорлар ҳисобидан малака ошириш имконига эга бўлди. Икки томонлама фойдали битимдан сўнг хорижлик мутахассислар тиббиёт муассасаси фаолияти билан яқиндан таништирилди.
Зариф Комилов, ЎзА