"Reuters" суҳбатдоши 67 ёшли Раму Гупта ҳар тонг Деҳлидаги Ямуна дарёсига боради. У сув остидан танга, шиша идиш ва металл парчасини йиғиб, бозорда сотиб пул ишловчи ғаввослардан бири.
Гупта шу ишидан ойига тахминан 5 000 рупий (тахминан 58 доллар) топади. Асосий кунлик иши - фаррошликдан ташқари бу қўшимча даромадини набиралари учун тежаб қолади.
Ҳиндлар дарёни муқаддас билишади. Танга, гул, кокос меваси ва ҳатто тилла тақинчоғини ҳам “дарё маъбудасига” атаб сувга ташлайди. Ҳимолайдан бошланувчи энг муқаддас дарёлардан бири ҳисобланган Ямуна қирғоғида ўтказиладиган жасад куйдириш маросими чоғида ҳам дарёга қимматбаҳо буюмлар ирғитишади.
Гупта 35 йилдан бери эрталаб ва кечқурун дарёга шўнғийди, кун давомида яна одатий юмушини бажаради. Ўзи тан олишича, ифлос сув остида ишлаш соғлик учун хавфли бўлса-да, шунга мажбур.
29 ёшли Арвинд Кумар ҳам 12 йилдирки шу иш билан кун кечиради. - Барқарор даромад йўқ, - дейди у. - Баъзан кунига 600 рупийгача топаман, бу ҳукумат белгилаган энг кам иш ҳақи - 710 рупийдан камроқ.
Ғаввослар сув остидан кўпинча танга, елим ва шиша буюмларни чиқаришади. Аҳён-аҳёнда тилла бўлаги, узук ёки маржон ҳам насиб этиб қолади. Дарвоқе, баъзан улар чўккан жасадни топиб беришади ёки оқиб кетаётган инсонни қутқаришади. “Кимнидир қутқарсак, ўзидан ҳам кўпроқ қувонамиз,” дейди Гупта.
Мусулмон Зиё, ЎзА