Гужарат штати ҳукуматининг берган маълумотида таъкидланишича, кучли жала ва дарахтларнинг қулаб тушиши оқибатида штат бўйича камида 13 киши қурбон бўлган.
«Ҳозиргача 13 та бахтсиз ҳодиса рўй бергани ҳақида хабар олдик», - деб ёзди штатнинг бош вазири Вижай Рупани ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Қўшни Махараштра штатининг пойтахти Мумбай шаҳрида 12 киши ҳалок бўлган. Шаҳарнинг қатор туманларини сув босган, дарахтлар ва симёғочлар ағнаган.
Бундан аввалроқ Карнатака штатида олти киши қурбон бўлгани ҳақда хабар берилган эди. Гоа ва Керала штатларида ҳам қурбонлар бор.
Ҳиндистон ҳарбий денгиз кучлари чўкиб кетган P305 баржасидаги одамларни қидиришда давом этмоқда. Қутқарув ишлари давомида ҳарбий денгиз кучлари кемалари бортига 184 киши чиқариб олинган, яна 89 киши қидирилмоқда.
Бундан ташқари, ONGC давлат нефть-газ корпорациясига қарашли яна иккита баржа ва денгиз тубида бурғулаш ишларини олиб бораётган кема экипажини қутқариб олиш ишлари ҳам давом этмоқда. Ушбу кемаларда 430 киши бўлганлиги айтилмоқда.