“Arab News” хабар беришича, Гоанинг машҳур ресторан клубида кечаси содир бўлган ёнғинда камида 25 киши ҳалок бўлган. Таъкидланишича, ёнғин штатнинг Арпора шаҳрида юз берган.
Гоа штати раҳбари Прамод Савант қурбонларнинг аксарияти бўғилишдан вафот этгани, яна олти киши касалхонага ётқизилганини айтди.
– Бу ўлкамиздаги жуда аянчли ҳодиса, - деди у “NDTV” янгиликлар каналига.
Арпора собиқ мэри ўринбосари Клеофас Фернандес қурбонларнинг аксарияти клубнинг ер ости ошхонасида қамалиб қолганини айтди.
– Ёнғин биринчи қаватда, ошхона эса ертўлада бўлган, -деди у. – Аланга авж олганида ертўладаги одамлар нима бўлаётганини англамаган, кейин эса улар тутундан бўғилиб қолишган.
Ҳинд диёрининг қирғоқбўйи штати бўлган Гоа машҳур сайёҳлик масканларидан бири ҳисобланади. Ҳудуддаги “Birch by Romeo Lane” тунги клуби эса айниқса машҳур. У Арпора дарёси бўйида жойлашган бўлиб, тор кириш ва чиқиш йўлига эга, бу эса ўт ўчирувчиларнинг воқеа жойига вақтида етиб боришини кечиктирган.
М.Пирматова, ЎзА