Ҳиндистон мудофаа вазирлиги Покистон ҳудудига қарата тасодифан BrahMos ракеталарини учирган уч нафар зобитни ишдан бўшатди.
"Иш ҳолатини ўрганиб чиқиш учун ташкил этилган тергов суди уч зобитнинг нотўғри ҳаракати ракеталарнинг тасодифан учирилишига олиб келган, деган хулосага келган. Воқеа бўйича уч зобит жавобгарликка тортилган. Уларнинг хизмати Ҳиндистон ҳукумати томонидан тўхтатилди. Қарор тезда кучга киради", – деб хабар тарқатди армия матбуот хизмати.
Покистон армиясининг берган маълумотига кўра, шу йилнинг 9 мартида оқшом пайти мамлакат ҳарбий ҳаво кучлари Ҳиндистон ҳудудидан “юқори тезлик билан учаётган объектни” пайқашган. Объект парвоз вақтида йўналишини ўзгартириб, Покистон ҳудудига, Миан-Чанну шаҳри яқинига келиб тушган. Воқеа туфайли ҳеч ким жабрланмаган ёки қурбон бўлмаган.
Покистон ташқи ишлар вазирлиги Ҳиндистоннинг Исломободдаги вақтинчалик ишончли вакилини чақириб, мамлакатнинг ҳаво ҳудуди Ҳиндистонга тегишли “юқори тезликда учадиган объект” билан бузилгани учун қатъий норозилик билдирганини маълум қилди.
Кейинроқ Ҳиндистон мудофаа вазирлиги Покистон тарафга тасодифан ракета учирилганини тасдиқлади. Вазирликнинг маълум қилишича, воқеага режали техник хизмат кўрсатилиши жараёнида техник носозлик сабаб бўлган. Товушдан тез учадиган BrahMos – ракетаси Россия ва Ҳиндистоннинг қўшма лойиҳаси ҳисобланиб, 1998 йилда ишлаб чиқилган.