French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳиндистонда ўзбек тили ва адабиётига бағишланган анжуман ўтказилди
11:34 / 2025-11-12

Яқинда Ҳиндистоннинг Жавоҳарлаъл Неру университети Тил, адабиёт ва маданият тадқиқотлари марказида ўзбек тили ва адабиётига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Йиғинда ўзбек, қозоқ ва ҳинд олимлари, адабиётшунослар, тарихчилар ҳамда маданият соҳаси вакиллари ва талабалар иштирок этиб, ўзбек тили ва адабиётининг бой тарихи, замонавий ривожланиш йўналишлари, шунингдек, унинг жаҳон маданияти билан боғлиқ жиҳатлари ҳақида сўз юритишди.

Тадбир доирасида ўзбек ва ҳинд олимлари ўртасида илмий ҳамкорликни кучайтириш, икки халқ маданий алоқаларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ўзбек шоир ва ёзувчиларининг асарларини ҳинд тилларига таржима қилиш, ҳамкорликда дарсликлар ва тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Айтиш жоизки, бундай анжуманлар таълим, фан ва академик тадқиқотлар соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.

Икки давлат илмий-академик ва маданий-гуманитар доиралари вакиллари сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги жадал ривожланаётган ҳамкорликни алоҳида таъкидлаб, Жавоҳарлаъл Неру университетининг Марказий Осиё халқлари тилларини ўрганиш ва минтақага оид тадқиқотларни ривожлантиришдаги ўрнини юқори баҳолади.

Шу билан бирга, сўнгги йилларда ҳинд ёшлари орасида ўзбек тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бораётгани алоҳида қайд этилди. Бу каби тадбирлар ёш тадқиқотчилар ва талабалар учун ўз билимини чуқурлаштириш, тил эгалари билан мулоқот қилиш ва самарали илмий ишлар учун ноёб имконият яратиши урғуланди.

– Бугун бизнинг олдимизда жаҳон глобаллашуви шароитида миллий тил ва адабиётни асраб-авайлаш, унинг илмий ва педагогик нуфузини янада ошириш вазифаси турибди, -деди филология фанлари доктори, профессор Ҳулкар Ҳамроева ўз нутқида. – Шу маънода, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги бундай илмий ҳамкорлик лойиҳалари икки халқни янада жипслаштиради. Ушбу анжуман доирасида илгари сурилаётган ташаббуслар – яъни, ўзбек адабиёти дурдона асарларини ҳинд тилига таржима қилиш, қўшма дарсликлар тайёрлаш, илмий тадқиқотларни амалга ошириш таклифлари келгусидаги ҳамкорлигимизнинг янги босқичи бўлади, деб ишонаман.

Симпозиум дастури доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон давлат хореография академияси, Самарқанд давлат университети, Урганч инновацион университети, Қўқон давлат педагогика университети ва мамлакатимизнинг бошқа ўқув юртлари вакилларининг тақдимотлари ва бадиий чиқишлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Самимий мулоқот руҳида кечган давра суҳбати якунида ўзбек ижодкорларининг инглиз тилига таржима қилинган ва Ҳиндистонда нашр этилган асарлари тақдимоти ҳам ўтказилди.

Ирода Аҳмадова,

ЎзДХА “Санъатшунослик” йўналиши 1-босқич талабаси.

ЎзА