Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳиндистонда кўчки оқибатида 15 киши ҳалок бўлди
11:46 / 2025-10-09

Ҳиндистон шимолидаги Ҳимачал-Прадеш штатида кучли кўчки содир бўлиб, улкан тупроқ уюми автобус устига тушиши оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда маҳаллий ҳокимият маълум қилган.

Йўловчи машинаси Биласпур тумани яқинидаги тепаликдан ўтаётган эди. Кўчкини бир неча кун давом этган кучли ёмғир келтириб чиқаргани айтиляпти. Автобусда тахминан 20-25 киши бўлган. Полиция маълумотига кўра, қурбонлар тўққиз эркак, тўрт аёл ва икки бола.

Юқори мансабдор шахс Сукхвиндер Сингх Сукху идораси баёнотида жароҳатланган уч нафар болакай қутқарилиб, маҳаллий шифохонага етказилгани қайд этилган. Қолган йўловчиларни топиш мақсадида қутқарув ишлари давом эттириляпти.

Воқеа жойида олинган видео лавҳада қутқарувчилар оғир техника ёрдамида тепаликни тупроқдан тозалаётгани, айримлар лойга ботган нарсаларни олиб чиқаётгани акс этган.
Душанбадан бери минтақада кузатилаётган давомли ёғингарчилик мўрт тоғ ён-бағрини беқарор қилиб қўйган.

Мамлакат Президенти Драупади Мурму ва Бош вазир Нарендра Моди ер кўчкиси муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

М.Пирматова, ЎзА