Ўзбекистон 2024 йил саёҳат қилишга арзийдиган мамлакатлар қаторига киритилди.
Ҳиндистоннинг нуфузли телеканалларидан бири – “NDTV” хорижий сайёҳларни 2024 йилда Ўзбекистонга ташриф буюришга чақирди.
Телеканалнинг расмий сайтида эълон қилинган мақолада жорий йил кўнгилдагидек саёҳат йўналишларини излаётганларга маданий бойлик, табиий гўзаллик ва ноёб таассуротларни жамлаган мамлакатларни танлаш мақсадга мувофиқ эканлиги тавсия этилган.
Муаллиф мазкур йўналишлар сирасига Буюк ипак йўли меросига бой Ўзбекистонни киритиб, юртимизга келиб, тарих саҳифаларига саёҳат қилиш зарурлигини ёзган.
– Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарларни кашф этинг. Ушбу масканлардаги бетакрор меъморчилик намуналари ва гавжум бозорлар бир пайтлар карвонлар орқали савдо-сотиқ қилинган даврларни эслатади, – дейилади “NDTV” сайтида.
Мақолада, шунингдек, мамлакатимизда қад ростлаб турган меъморий мўъжизалар одамларни ҳайратга солиши таъкидланган.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА