Ҳиндистон шарқида юз берган ёнғинда 14 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда
Сешанба куни Ҳиндистоннинг Жаркханд штатида кўп қаватли уйда рўй берган ёнғин 14 кишининг ҳаётига зомин бўлди, яна 10 киши жароҳат олган, деб хабар тарқатди «Синьхуа» агентлиги.
Полициячиларнинг таъкидлашича, Дханбад туманидаги ушбу бинода тўй бўлаётганда ёнғин келиб чиққан.
«Ўнга яқин киши маҳаллий касалхонага ётқизилди. Вайроналар остида одам борлиги ёки йўқлигини аниқлаш бўйича амалиёт ўтказилди. Ҳозирда ўт ўчириш ва қутқарув ишлари ниҳоясига етган», - дейилади полициячилар хабарида.
Бу ёнғин мазкур туманда сўнгги тўрт кун ичида рўй берган иккинчи ҳодиса бўлди. Шанба куни хусусий клиникада юз берган ёнғинда беш киши ҳалок бўлганди.
Хабарда таъкидланишича, округ маъмурияти худди уруш давридагидек ишламоқда, жабрланганларнинг барчасига тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.