АҚШ ва Ҳиндистон ўртасида савдо ҳамда энергетика соҳаларида муҳим келишувга эришилди. АҚШ Президенти Дональд Трамп Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан ўтказилган музокарадан сўнг Ҳиндистон Россиядан нефть харид қилишни тўхтатишга тайёрлигини маълум қилди.
Битимга мувофиқ, АҚШ Ҳиндистонга нисбатан бож тарифини 25 фоиздан 18 фоизга туширади. Мазкур қарор дарҳол кучга кириши айтилган. Дональд Трамп буни икки давлат ўртасидаги дўстона муносабат ва стратегик ҳамкорлик билан изоҳлади.
Таъкидланишича, Ҳиндистон келгусида нефть харидини асосан АҚШдан, эҳтимол Венесуэладан ҳам амалга оширишни режалаштирмоқда. Унинг фикрича, томонлар Россия ва Украина можаросини бартараф этишга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатни ҳам қўллаб-қувватлайди.
Келишув доирасида Ҳиндистон АҚШ маҳсулотларига нисбатан тариф ва тарифсиз тўсиқни камайтиришга интилади, энергия ресурслари, кўмир ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўз ичига олган 500 миллиард доллардан ортиқ қийматга эга Америка товарларини харид қилади.
Ф. Яхшибоева, ЎзА