Ҳиндистоннинг энг оммавий интернет сайти – INDIA BLOOMS ўзининг бугун, 6 декабрдаги бош саҳифасида “Ҳиндистон билан маданий алоқаларимиз қадим замонларга бориб тақалади, дейди Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозаров” сарлавҳаси остида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозаровнинг мақоласини эълон қилди.
Мақола Фарғонанинг Буюк ипак йўлидаги ўрни, бу ердан чиққан алломалар ҳозиргача жаҳон интелектуал маскан ва манзараларидан бири экани ҳақидаги таъкиддан бошланади.

“Қадимдан дунё аҳлини ўзига мафтун этиб келган Фарғонага “гавҳар” деб таъриф берилиши бежиз эмас. Буюк ипак йўлида жойлашган вилоятимиз асрлар давомида савдо-иқтисодий, маданий-маърифий соҳаларда жадал ривожланиб, дунё тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган. Бу ўлка жаҳонга буюк алломалари, машҳур олиму фузалолар, шоирлар, фан-техника соҳаси арбоблари билан довруғ таратган. Буюк алломалар Аҳмад ал-Фарғоний, Бурхониддин ал-Марғиноний, Заҳириддин Муҳаммад Бобур шу юрт фарзандлари эканлигидан фахрланамиз.
Фарғона вилояти мамлакатимиз истиқлолга эришгандан сўнг ўтган вақт мобайнида мисли кўрилмаган даражада ривожланиб, гўзал ва замонавий кентлар қаторидан жой олди. Мафтункор табиати, тарихий обидалари, тарихий қадамжолари билан етти иқлимни ўзига маҳлиё қиладиган туризм марказларидан бирига айланди. Вилоятнинг Қўқон ва Марғилон шаҳарларини билмайдиган сайёҳ кам топилса керак. Қадимий ва навқирон Ҳўқанди латифда жаҳон ҳунармандлар фестивали иккинчи бор ўтказилиб, унга “Жаҳон ҳунармандлари шаҳри”, Марғилонга “Жаҳон ипак ва икат ҳунармандлари шаҳри” мақоми берилганлиги бежиз эмас.
Фарғона вилояти қадимий маъданий мерос объектлари, асрлар қаъридан сўзловчи обидаларга бойлиги билан ҳам алоҳида ажралиб туради. Дунёнинг турли минтақаларидан ташриф буюрувчи сайёҳлар “Худоёрхон ўрдаси”, “Жомеъ масжиди”, “Даҳмаи шоҳон”, “Норбўтабий”, “Миён ҳазрат”, “Пурсиддиқ” “Каптарли мозор” каби тарихий обидалари, Шоҳимардон, “Аҳмад ал-Фарғоний” ва “Бурхониддин ал-Марғиноний” зиёратгоҳларини, “Меҳригиё” экотуризм марказини қизиқиш ва ҳайрат билан томоша қиладилар.
Вилоятимизда олий ўқув юртлари, мактаблар, маданий-маърифий-муассасалар, ижтимой соҳа тармоқлари жадал ривожланиб бормоқда. Уй-жой қурилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фарғона шаҳри ҳудудида Экошаҳар, туман марказларида “Ўзбекистон массиви” деб ном олган турар-жой мавзелари барпо этилди. Жаҳон андозалари даражасида ишлаб чиқарилаётган саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дунёнинг кўплаб мамлакатларига экспорт қилинмоқда. Ўз навбатида хорижий давлатлар ишбилармонлари Фарғонага инвестиция киритишга катта қизиқиш билан қарамоқда. Бизда чет эл инвестицияси ҳисобига барпо этилган кўплаб корхоналар муваффақиятли фаолият олиб бормоқда”.
Мақолада вилоятнинг инвестицион муҳити, экспорт ва импорт кўрсаткичлари таҳлил қилинган.
“2023 йилнинг ўтган даврида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳажми 436,6 миллион долларни ташкил этди. Бу кўрсатгич республика ҳудудлари ўртасида Тошкент шаҳридан сўнг иккинчи ўриндадир. Киритилган хорижий инвестициянинг асосий қисми тўқимачилик, нефт ва газ, қурилиш материалллари ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилди. Бугунги кунда Фарғона вилоятига инвестиция киритгган мамлакатлар сони 44 тага, инвестиция киритилган корхоналар 180 тага етди. Жумладан, вилоятимизда Ҳиндистон капитали иштирокидаги 6 та қўшма корхона ишлаб турибди. Мамлакатингиз билан ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида яна бир инвестицион лойиҳани амалга ошириш белгиланган”.
Фарғона вилоятининг Ҳиндистон Республикаси билан тўғридан – тўғри иқтисодий алоқалари ривожланиб бормоқда. Мақолада бу ҳақида ҳам муҳим маълумотлар келтирилган.
“Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида вилоятнинг экспорт ҳажми 524 миллион АҚШ доллари, импорт эса 964 миллион долларни ташкил этди. Фарғона дунёнинг 77 та давлати билан савдо алоқаларини йўлга кўйган бўлиб, ташқи савдо айланмаси 1 миллиард 488 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Ҳиндистон билан ташқи савдо айланмаси ҳам йил сайин ортиб бормоқда. Биз Ҳиндистонга машина ва жиҳозлар, озиқ-овқатлар ва хизматлар экспорт қилиш билан бирга, у ердан машина ва жиҳозлар, кимё ва нефт маҳсулотлари, чинни, қоғоз, ўйинчоқлар, турли хил трикотаж маҳсулотлари импорт қиламиз. Мамлакатларимиз ўртасидаги барча соҳаларда дўстона ҳамкорлик ривож топиб боришидан манфаатдормиз”.
Хайрулло Бозаровнинг Ҳиндистоннинг энг оммавий интернет сайтидаги мақоласи азалий дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга чақириқ ва ҳинд биродарларини Ўзбекистонга, Фарғона вилоятига таклиф билан якунлаган.
“Бизнинг маданий алоқаларимиз илдизи узоқ тарихга бориб тақалади. Ҳиндистон қадимий ва афсонавий мамлакат. Ўзбекистонда Рабиндранад Тагор асарларини ўқимаган, “Моҳабҳорат” телесериалини кўрмаганлар кам топилади. Бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратлари асос солган дўстлигимиз, ҳамкорлик ва инсоний қадриятларимиз ривожи бардавом бўлсин.
Ҳиндистон фуқароларини мафтункор ва жозибадор Фарғонага – Марказий Осиё гавҳари билан танишишга чорлаб қоламан”.
Шуни таъкидлаш лозимки, INDIA BLOOMS интернет сайти бундан бир неча кун аввал ҳам Қўқон II халқаро ҳунармандчилик фестивали ҳақидаги мақолани эълон қилган эди.

–Биз Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими ва “Фарғона ҳақиқати” газеталари журналистлари билан уларнинг ноябр ойининг сўнгги кунлари Ҳиндистонга ижодий сафарлари чоғи ўзаро ахборот алмашув ҳақида келишув тузгандик, – дейди INDIA BLOOMS интернет сайти бош муҳаррири Sujoy Dhar. –Унга кўра биз Фарғона журналистлари тайёрлаб юборган мақолаларни ўз сайтимизда бир неча ўн миллионлаб ўқувчиларимизга тақдим этамиз, улар эса биз юборган мақолаларни вилоят ОАВларида нашр қиладилар. Юқоридаги икки мақолани ҳам ана шу келишув асосида эълон қилдик.
Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов