Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳиндистон кураш бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади
11:56 / 2022-11-21

Бугун, 21 ноябрь куни эрта тонгда Ризамат Солиев ва Дилфуза Раҳматова мураббийлигидаги кураш бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари Ҳиндистоннинг Пуна шаҳрида ўтадиган жаҳон чемпионатида қатнашиш учун жўнаб кетди.

Миллий спортимиз кураш бўйича жорий йилнинг 23 ноябрь куни бошланадиган жаҳон чемпионатида 70 га яқин давлатдан 400 нафарга яқин курашчилар иштирок этиши кутилмоқда.

Жаҳон чемпионатида Халқаро кураш ассоциацияси(IKA) томонидан жорий қилинган рейтинг тизимига мувофиқ чемпионатнинг олтин медаль соҳиби 2000 балл, кумуш медаль эгаси 1400, бронза медалларга эга чиққан спортчилар1000 баллни қўлга киради.

28 ноябрга қадар давом этадиган чемпионатда мамлакатимизнинг 7 нафар эркак ва 8 нафар аёл курашчилари медаллар учун кураш олиб боради.

Улар орасида жаҳон чемпионлари ва қатор халқаро турнир ғолиби бўлган Муҳсин Ҳисомиддинов, Шерали Жўраев, Артём Штурбабин, Жонибек Қозоқов, Умид Эсонов, Шаҳноза Бозорова, Моҳинур Мўминова каби истеъдодли спортчилар борки, айнан ушбу курашчилар Пуна гиламида кечадиган мусобақаларда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.

Мусобақалар доирасида Халқаро кураш ассоциациясининг навбатдаги конгресс йиғилиши ўтказилади. Унинг иш жараёнида миллий спортимиз курашнинг жаҳон миқёсида янада ривожлантириш борасида бир қатор қарорлар қабул қилиниши кутилмоқда.

Халқаро кураш ассоциацияси матбуот хизматининг хабар қилишича, ўз тарихида ўн учинчи маротаба ташкил этилаётган катталар ўртасидаги дунё биринчилиги ҳамда Халқаро кураш ассоциацияси (IKA) конгрессини юқори савияда ташкил этиш мақсадида IKA бош котиби, техник директори Муҳаммад Ризо Нассирий ҳамда Халқаро кураш ассоциацияси администрацияси раҳбари Мансур Мирзаев айни кунларда Пуна шаҳрига етиб боришган.

Халқаро кураш ассоциацияси мутахассислари жаҳон чемпионати ўтадиган спорт арена, иштирокчилар учун ажратилган меҳмонхоналар, конгресс йиғилиши бўладиган мажмуаларни кўздан кечирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 2019 йили Жанубий Кореянинг Чунгжу шаҳрида ўтган 12-жаҳон чемпионатида умумажамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллаган.

Т.Рўзиев, ЎзА