Ҳиндистон ҳукумати канадалик дипломатни мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилди, деб хабар берди “ANI” агентлиги Ташқи ишлар вазирлигига таяниб.
“Дипломатга беш кун ичида Ҳиндистонни тарк этиши зарурлиги айтилган. Бу Канада дипломати Ҳиндистон ички ишига аралашаётгани, ҳиндларга қарши фаолиятда қатнашаётганидан ҳукуматнинг ортиб бораётган ташвишини акс эттирувчи қарордир”, дейилади ТИВ баёнотида.
19 сентябрь куни Канада Бош вазири Жастин Трюдонинг парламентдаги чиқишидан сўнг ҳиндистонлик дипломат ушбу мамлакатдан чиқариб юборилган эди. Канада махсус хизматлари Британия Колумбиясида сикх сепаратисти Хардип Сингх Ниджар ўлдирилишида Ҳиндистон ҳукуматини айблагани айтилади.

Трюдо хорижий ҳукуматнинг мамлакат фуқаросини ўлдиришдаги ҳар қандай иштироки “қабул қилиб бўлмас қоидабузарлик” ҳисобланади, дея таъкидлаган.
Ҳиндистон бу айбловни “мантиқсиз, ўйлаб топилган”, деб рад этган.
Канада ТИВ мамлакатдан Ҳиндистоннинг Оттавадаги Ташқи разведка агентлиги тадқиқот ва таҳлил бўлими бошлиғи Паван Кумар Рай чиқариб юборилганига аниқлик киритган.