“Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатнинг ташқи сиёсатини халқ ва давлат манфаатларига хизмат қилувчи йўналишда изчил давом эттиришни назарда тутади.
Унда шериклар билан анъанавий, ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ва халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтириш каби муҳим мақсадлар доирасида ўнлаб вазифалар белгилаб олинган.
Шу билан бирга, жаҳонда содир бўлаётган мураккаб глобал жараёнларни инобатга олган ҳолда Қуролли Кучларнинг қудрати, мамлакатнинг мудофаа қобилияти ва ҳарбий салоҳиятини янада ошириш мақсад қилинган.

Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб турган Ҳиндистон Республикаси Қуролли Кучларининг Ҳарбий коллежи вакиллари учун “Тараққиёт стратегияси” марказида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган тақдимот ўтказилди.
Тақдимотда “Тараққиёт стратегияси” маркази бош мутахассиси Бунёд Тиллахўжаев келгуси йилларда мамлакатни ривожлантиришга қаратилган стратегиянинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берди. Ҳужжатнинг бешинчи йўналиши – “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойили асосида амалга оширилаётган вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Тадбирда давомида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш жараёнида жамоатчилик назоратининг аҳамияти ва “Тараққиёт стратегияси” марказининг мазкур йўналишдаги вазифалари ҳақида ҳам маълумот берилди.
Учрашув якунида марказ вакили хорижлик ҳарбийларни қизиқтирган саволларига жавоб берди. Шундан сўнг, Ҳиндистон Республикаси Қуролли Кучларининг Ҳарбий коллежи тингловчилари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилаётган натижалар ҳақида ўз таассуротларини билдиришди. Улар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мамлакат ривожи ва истиқболи учун муҳим ҳужжат эканини эътироф этишди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА