French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳиндистон элчиси Маниш Прабхат: Ўзбекистоннинг бетакрор маданияти, Самарқанд ва Бухоро каби тарихий шаҳарлари мамлакатимизда жуда машҳур
18:35 / 2020-11-07

Жорий йил 16 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга “Кўксарой” қароргоҳида хорижий мамлакатларнинг янги тайинланган элчилари қаторида ишонч ёрлиғи топширган Ҳиндистон Республикаси элчиси Маниш Прабхат “Дунё” ахборот агентлиги мухбирига эксклюзив интервью бериб, Ўзбекистондаги иш режалари, умидлари ва илк таассуротларини сўзлаб берди.

– Муҳтарам элчи, ушбу масъулиятли лавозимга тайинланганингиз муносабати билан самимий табрикларимизни қабул қилишингизни сўраймиз. Авваломбор, Ўзбекистон ҳақидаги илк таассуротларингиз ҳақида ўқувчиларимизга сўзлаб берсангиз.

– Табригингиз учун ташаккур. Ўз навбатида барча ўқувчиларингизга ўзимнинг самимий саломимни йўллайман.

Афсуски, пандемия туфайли Деҳли ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри рейслар вақтинча амалга оширилмаяпти. Шу боисдан икки ярим соатлик парвоз ўрнига Деҳлидан Франкфурт-Майн шаҳри орқали Тошкент йўналишида кун бўйи парвоз қилиб, 24 сентябрь куни мамлакатингизга етиб келдим.

Ўзбекистонда пандемия билан боғлиқ муаммолар нақадар самарали ҳал этилаётгани мени жуда ҳайратлантирди. Ниқоб тақиш, ижтимоий масофа сақлаш, шу каби бошқа хавфсизлик ва шахсий гигиена талабларига қатъий риоя этилишини кўзда тутувчи карантин тадбирлари жорий этилганига қарамасдан, фуқароларнинг эркин ҳаётига тўсиқ қўйилмаган. Касаллик ҳолатлари мутахассислар томонидан доимий назоратга олинган, соғлиқни сақлаш органлари ўз вазифаларини яхши бажармоқда.

Ўзбекистонга пандемия оқибатларига қарши курашишда, турли лойиҳаларни амалга ошириш орқали иқтисодий фаолиятни янада жонлантириш ва фуқароларни иш билан таъминлаш имкониятларини кенгайтириш борасида муваффақиятлар тилайман.

– Бугун Ўзбекистон – Ҳиндистон муносабатларининг кун тартиби ниҳоятда бой ва сермазмун. Сиз шахсан қайси соҳаларни устувор, деб ҳисоблайсиз?

– Ҳиндистон ва Ўзбекистон бутун тарих давомида бир-бири билан доимий ҳамкорлик қилиб келган энг кўҳна тамаддунлар сирасига киради. Бизнинг бой меросимиз ва яқин дўстлигимиз бугун икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик барпо этиш учун мустаҳкам пойдевор бўлди.

Албатта, савдо-иқтисодий алоқалар ва сармоявий фаолиятни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга. Айни пайтда йиллик ўзаро савдо ҳажми 355 миллион долларни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткични мамлакатларимиз 1 миллиард долларга етказиш ниятида. Биз экспорт ва импорт хилма-хиллигини диверсификация қилишимиз, икки томон корхоналари вакиллари ва инвесторларини бир-бирининг бозорларини янада чуқурроқ ўрганишини ташкил этишимиз керак.

Дори-дармон маҳсулотлари, тиббиёт асбоб-ускуналари, шунингдек, буғдой, ун, гуруч, чой, автоуловларнинг эҳтиёт қисмлари ва маиший электроника каби товарлар - бу Ҳиндистоннинг ўзбек бозорида харидор топган кучли томонларидир. Албатта, бу йўналишдаги ишларни янада кўпайтириш мумкин.

COVID-19 даврида пандемияга қарши курашиш учун Ҳиндистондан дори-дармон олиб келиш ҳажми ошди. Ўзбекистондаги соғлом иқтисодий ўсиш суръатлари шароитида Ҳиндистон компаниялари учун инфратузилма, қурилиш, автомобиль саноати, ахборот технологиялари ва бошқа соҳаларда кенг имкониятлар очилмоқда. Ҳиндистон ва Ўзбекистоннинг кучли томонларини ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жуда яхши савдо-сотиқ салоҳиятига эга. Ҳиндистон Ўзбекистон қовун ва лимон маҳсулотлари учун ўз эшикларини очгани ҳақидаги хушхабар ҳам ўқувчиларингизни мамнун қилади, деб ўйлайман. Ўзбекистон ҳукумати, ўз навбатида, Ҳиндистондан манго ва банан олиб киришга рухсат берди. Бошқа турдаги мева-сабзавотларни импорт ва экспорт қилиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилмоқда. Яқин йилларда ўзаро савдо ҳажми янада тез суръатлар билан ўсишига ишончим комил.

– Ҳиндистон қатор муҳим соҳалар, хусусан, таълим, ахборот-коммуникация технологиялари, тиббиёт ва фармацевтика тармоқларида анъанавий тарзда етакчи мавқега эга. Мамлакатларимиз ўртасида ушбу йўналишлардаги ҳамкорлик истиқболларини қандай баҳолайсиз?

– Ҳиндистон ҳам, Ўзбекистон ҳам икки томонлама савдо-сотиқ ва сармоявий ҳамкорлик ривож топиши учун қулай шароитлар яратишга ҳаракат қилмоқда.

Икки мамлакат раҳбарлари ўз ҳукуматларига ишбилармон доиралар вакилларига ҳар томонлама кўмак бериш бўйича аниқ кўрсатмалар берган. Муҳим соҳаларга ўтишдан олдин давлат даражасида амалга оширилаётган ишларга тўхталмоқчиман. Бугун Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўзаро сармоявий битим имзолаш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Икки мамлакат ҳам имтиёзли савдо битимини тузиш имкониятларини ўрганиш истагини билдирган. Бунинг учун биргаликда техник-иқтисодий асослар тадқиқ қилинди. Ҳиндистон ҳукумати ижтимоий-иқтисодий тараққиёт соҳасидаги ҳамкорлигимизни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистонга 1 миллиард доллар миқдорида имтиёзли кредит линиясини ажратганини маълум қилди. Томонлар ўртасида мазкур кредит линияси доирасида амалга оширилиши мумкин бўлган қатор лойиҳалар белгилаб олинди. Мактаб ва олий таълим муассасаларида ахборот технологиялари жорий қилиниши ушбу лойиҳалардан биридир.

Ўзбекистон электрон ҳукуматни ривожлантириш ва иқтисодий фаолиятнинг турли жабҳаларида ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишга катта эътибор қаратмоқда. Мазкур йўналишда катта тажрибага эга Ҳиндистон Ўзбекистонга бу борада кучли ва ишончли ҳамкор бўлиши мумкин. Ҳиндистон ўзининг 1,3 миллиард аҳолиси учун мамлакат ичидаги электрон платформада турли давлат дастурларини тақдим қилмоқда. Мамлакатимизнинг дунёга машҳур етакчи компаниялари билан ахборот технологиялари соҳасида йирик лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширдик.

Мамлакатларимиз савдо-саноат палаталари ҳам самарали ҳамкорликни йўлга қўйган. Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон миллий савдо-саноат палаталари вакилларининг учрашуви натижасида жорий йил 6 февраль куни Деҳли шаҳрида ташкил этилган Ҳиндистон ва Марказий Осиё ишбилармонлар кенгаши ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга йўналтирилган муҳим платформалардан бирига айланди. Ўзбекистон савдо-саноат палатаси Ҳиндистон савдо-саноат палаталари федерацияси (FICCI) билан мамлакатларимиз корхоналарининг икки томонлама ва минтақавий ҳамкорлигини янада жонлантириш йўлида биргаликда иш олиб бормоқда.

Юқори малакали мутахассислар, хусусан, ахборот технологиялари соҳасидаги кадрларга бўлган талабнинг тобора ортиб бораётгани олий таълим тизимига муайян босим ўтказаётгани сир эмас. Шу муносабат билан Ўзбекистон таълим соҳасига Ҳиндистоннинг қатор университетлари жалб қилинди. Бу ўзбек ёшлари учун тегишли билим ва кўникмалар олиш учун имкониятларни янада кенгайтирди ва мамлакатни ривожланган ахборот технологиялари соҳасига эга илғор давлатлар сафига олиб чиқишга туртки беради.

Ўзбекистонда Амити университети (Amity University) ва Шарда университети (Sharda University) каби ҳинд олий ўқув юртлари ўз филиалларини очган. Мамлакат ҳукумати билан ҳамкорликда Тошкентда Ўзбек-ҳинд тадбиркорликни ривожлантириш маркази ташкил этилди. Бу каби яна қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилиши кутилмоқда.

– Сизнингча, ҳинд бизнеси ўзбек истеъмолчисига яна нималарни таклиф қила олади ва ўз навбатида ҳиндистонлик истеъмолчи учун Ўзбекистонда нималар қизиқ?

– Юқорида айтганимдек, Ҳиндистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам бизнес учун қизиқиш уйғотадиган қатор тармоқлар ва турли хил маҳсулотлар мавжуд. Фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотлари, кимёвий моддалар, металл, механик ускуналар ва бошқа товарларга бўлган талабнинг мавжудлигига қарамай, давлатларимиз логистика билан боғлиқ жиддий муаммога дуч келган. Ҳозирги шароитда ўзаро савдо-сотиқ Ўрта ер денгизи ва Шимолий Европа портлари орқали денгиз йўли бўйлаб амалга оширилмоқда. Биз бу масофани анча қисқартиришимиз ва Эроннинг Чабаҳар порти орқали янада тежамкор савдо йўлини яратишимиз мумкин. Бунинг натижасида Ҳиндистон, Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё бозорларининг ўзаро боғланиш имконияти вужудга келади.

Шунингдек, тез бузиладиган маҳсулотлар ва қимматбаҳо буюмлар савдосини йўлга қўйиш мақсадида Ҳиндистон ва Марказий Осиё ўртасида ҳаво йўлакларини очишни режалаштирганмиз. Бундай йўналишлар очилган заҳоти Ўзбекистоннинг дунёга машҳур қовунлари, лимонлари ва бошқа маҳсулотлари ҳиндларнинг дастурхонидан жой олади. Шунингдек, Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган кундалик эҳтиёж моллари ҳам Ўзбекистон бозорида ўрин эгаллаши мумкин. Дарҳақиқат, логистика Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги муҳокама учун муҳим соҳа ҳисобланади. 28 октябрь куни Ҳиндистон, Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон ташқи ишлар вазирлари ҳам бу масалалар юзасидан фикр алмашди.

– Ўзбек ва ҳинд маданиятларининг қандай умумий жиҳатларига эътибор қаратишни истардингиз?

– Ўзбекистоннинг шонли маданияти, Самарқанд ва Бухоро каби тарихий шаҳарлари Ҳиндистонда жуда машҳур. Бу ерга илк бор келишимдан олдин урф-одатларимиз, маданиятларимиз, тилларимиз, умуман, Ҳиндистон ва Ўзбекистон халқлари ўртасида умумийлик кўплиги ҳақида кўп эшитганман. Айтишим керакки, ўртамиздаги ўхшашликни кўриб ҳайрон қолганим йўқ. Кўп асрлик ўзаро алоқалар бизни жуда яқинлаштирган, буни оддий мулоқот жараёнида ҳам сезиш мумкин.

Ўзбек ва ҳинд тилларида ишлатиладиган юзлаб умумий сўзлар мавжуд. Ҳинд фильмлари Ўзбекистонда ҳамиша машҳур бўлиб келган, Раж Капур ва Наргис каби ҳинд актёрларининг исмлари халқингизнинг тилидан тушмайди. Авваллари ҳамкорликда фильмлар яратилган эди ва бу анъана аста-секин яна жонланмоқда. Ўтган ҳафта Тошкентда Лал Баҳадур Шастри номидаги Ҳиндистон маданияти маркази ташкил этилганининг 25 йиллигини нишонладик. Маданият марказида йога, ҳинд рақси, табла – мумтоз ҳинд сози ва ҳинд тили дарслари мунтазам олиб борилишини ўқувчиларингиз яхши билади. Тошкент Давлат шарқшунослик университети, Самарқанд ва бошқа шаҳарлардаги қатор олий ўқув юртларида ҳинд тили ва Ҳиндистоннинг бошқа тиллари факультетлари очилган.

Ўзаро маданий алоқаларимизнинг бу қадар бой тарихи олдида ушбу ришталарни янада кучайтиришда бор куч-ғайратимни ишга солиш масъулиятини ҳис этаман. Келгуси ойларда, пандемия ҳолати яхшиланиши билан, биз ҳинд маданияти, ошхонаси ва фильмлари фестивалларини ўтказишни режалаштирмоқдамиз. 

Яна шуни қўшимча қилишим керакки, Ҳиндистон ҳукумати ўзбек ёшлари учун Ҳиндистон таълим муассасаларида турли соҳаларда, жумладан, ахборот технологиялари, менежмент, соғлиқни сақлаш, тиллар, муҳандислик, маданият каби йўналишларда ўқиш учун бепул стипендиялар тақдим этмоқда. Ҳиндистонга ташриф буюрадиган, юртимизнинг меҳмондўстлигини ҳис этиб, турли соҳаларда эришаётган ютуқларимизни ўз кўзлари билан кўрадиган ўзбек ёшлари сафи тобора кенгайишини сабрсизлик билан кутаман. Худди шундай Ўзбекистонга келувчи ҳиндлар сонининг ошишини ҳам истайман, ўзаро сайёҳлар оқими янада кўпаяди, деган умиддаман.

Сиз ва ҳурматли ўқувчиларингиз билан суҳбатлашиш имконини тақдим қилганингиз учун ташаккур.

Юлия Агафонова суҳбатлашди, "Дунё" АА