Ҳиндистон Европа Иттифоқи билан эркин савдо келишуви арафасида автомобиллар импортига қўйилган энг юқори божларни кескин камайтиришга тайёр. Манбаларга кўра, 70-110 фоизгача етадиган божлар ЕИдан олиб кириладиган айрим транспортлар учун дарҳол 40 фоизга туширилади, кейинги йилларда эса босқичма-босқич 10 фоизгача пасайтирилади. Бу узоқ йиллар давомида ҳимояланган автомобиль бозорини очиш йўлидаги энг катта қадам сифатида баҳоланмоқда.
Келишув дастлаб нархи 15 минг евродан юқори бўлган ва йилига тахминан 200 минг дона ички ёнув двигателли автомобилларни қамраб олади. Электромобиллар эса маҳаллий ишлаб чиқарувчилар – “Tata Motors” ва “Mahindra” манфаатларини ҳимоялаш учун дастлабки беш йил бож имтиёзларидан четда қолади, кейинчалик улар ҳам умумий тартибга қўшилади.

Бу қарор Европанинг “Volkswagen”, “Renault”, “Stellantis”, “Mercedes-Benz” ва “BMW” каби брендлари учун ҳинд ўлкасида импорт орқали фаолроқ ишлаш, бозорни синаб кўриш ва кейинроқ ишлаб чиқаришни кенгайтириш имконини беради. Айни пайтда Европа ишлаб чиқарувчилари Ҳиндистоннинг 4,4 миллионлик йиллик автомобиль бозорида 4 фоиздан кам улушга эга, бозор эса асосан “Suzuki” ҳамда маҳаллий “Tata” ва “Mahindra” “қўлида”.
Агар келишув расман эълон қилинса, у нафақат автомобиль соҳасида, балки АҚШ тарифлари босими остида қолган Ҳиндистон экспортчилари – тўқимачилик ва заргарлик саноати учун ҳам “янги нафас” бўлиши кутилмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА