French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳиндистон бош вазири Жавоҳарлал Нерудан яширилган ўзбек олими: у ким учун хавфли эди?
08:57 / 2022-04-09

Жадидчиликнинг етук ва ёрқин намояндаларидан бири Пўлат Солиев Туркистон халқлари тарихини илмий ўрганишнинг замонавий мактабини яратишга бел боғлаган фидокор шахсдир. У Абдурауф Фитрат, Садриддин Айний, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Ҳоди Файзий каби маърифатчилар билан ҳамфикр ва ҳаммаслак эди.

Пўлат (Бекбулат) Солиев 1882 йил 22 мартда Россия империяси Астрахан (Ҳожитархон) вилоятининг Засуравский бўлисидаги Башмаковка қишлоғида ўзига тўқ деҳқон оиласида туғилган. Асли бухоролик, манғит уруғига мансуб отаси Мажид Соли фарзандларининг илм олишини қўллаб-қувватлаб, рағбатлантириб борган. Қишлоқ мактабини тамомлаган Пўлат Солиев йирик исломшунос олим, тарихчи, «Идел» газетасининг муҳаррири Абдураҳмон Умеров ташкил қилган, ўрта махсус таълим берувчи мадрасага ўқишга кирган. 

Ўн беш ёшида мадрасани тамомлаб, Қозон шаҳридаги олий мадрасалар – Муҳаммадия ва Ғолияда таҳсил олган. Икки мадрасани ҳам аъло баҳоларга битирган Пўлат Солиев бу пайтда араб, турк, форс, рус ва бошқа туркий халқлар тилларини пухта билган ва француз ҳамда немис тилларини ҳам ўзлаштирган эди. Ғолия мадрасаси бошлиғи, машҳур исломшунос Зиё Камолий унга ўз муассасасида мударрислик қилиб, дарс беришини таклиф этганида, қабул қилмай, қишлоғига қайтиб, имомлик қилган. 

1909 йили ота юртига боришни кўнглига тугган Пўлат Солиев Туркистонга йўл олиб, Тошкент вилоятининг Оққўрғон бўлисида Сегизбой Отабоев хонадонида яшай бошлайди, қишлоқда янги усул мактаби ҳам очади. Кейинчалик Мирзачўлда, Жалолободда ҳам жадид мактаблари ташкил қилиб, ўқитувчилик билан шуғулланади. 1913 йили Тошкент шаҳрида биринчи рус-татар мактабига асос солади, 1916 йилдан Бекободдаги янги усул мактабида бир йил давомида ўқитувчилик қилади. 1917 йилдан эса, Қўқондаги Ўқитувчилар семинариясида икки йил мобайнида директор лавозимида ишлай бошлайди.

Пўлат Солиев 1917 йил ноябрда Қўқонда Туркистон Мухториятини ташкил этиш ишларида фаол иштирок этган шахслардан бири саналади. Айниқса, Қўқон шаҳрида чоп этиладиган «Эл байроғи» газетасининг бош муҳаррири сифатида уни Туркистон Мухторияти ҳукумати нашрига айлантиришга катта ҳисса қўшган. Пўлат Солиев давлат ҳокимияти таркибига йирик этник гуруҳлар вакилларини киритиш ҳақидаги ғояларни илгари сурган демократик руҳдаги зиёлилардан бири эди.

Туркистон Мухторияти тор-мор қилингач, Пўлат Солиев сиёсий фаолиятдан узоқлашиб, маориф соҳасини ривожлантиришга киришган. 1918 йили Назир Тўрақулов билан ҳамкорликда Скобелев (ҳозирги Фарғона) шаҳрида қишлоқ мактаблари учун ўқитувчилар тайёрлаш курслари ташкил этган. 1919 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб Тошкентда биринчи турк-татар маориф курсларини ташкил этиб, унинг директори сифатида иш олиб борган. 

1920 йил 8 октябрда Бухоро Халқ Совет Республикаси (БХСР) тузилгач, 1920 йил 11 ноябрда БХСР Маориф нозирлиги Бухорода инқилоб тарихини нашр этиш ва унинг муаллифларини тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилган бўлиб, Пўлат Солиев ҳам улар қаторидан жой олган эди. 

1922 йили Пўлат Солиев БХСР Маориф нозирлигининг Илмий кенгаши раиси этиб тайинланган вақтда Бухоро ўқитувчилар институтида араб адабиёти тарихи, араб тили назарияси ва амалиётидан дарс ҳам берган. Шунингдек, «Маориф» ва «Тонг» журналларига муҳаррирлик ҳамда «Инқилоб» журнали муҳарририга ўринбосарлик қилган. 

1924 йилда турмуш ўртоғи Фотима Файзираҳмонова (Ҳоди Файзийнинг синглиси) билан Москва шаҳрига кўчиб бориб, Свердлов номидаги университетнинг тарих кафедрасида иш бошлайди. 1926 йили Ленинград шаҳрига кўчиб ўтиб, Шарқшунослик институтида меҳнат фаолиятини бошлаган. 1927 йили ушбу институт раҳбарияти томонидан унга доцент унвони берилган. 

Шу йили Пўлат Солиев Ўзбекистон ССР Халқ комиссарлари совети ҳузуридаги Илмий марказ билан тузилган шартнома асосида 1927 йил 7 сентябрига қадар ўзбекларнинг иқтисодий ва маданий тараққиёти акс эттирилган «Ўзбеклар тарихи» китобини ёзиш мажбуриятини олади.

Аммо Пўлат Солиевнинг Ўрта Осиё ёзма ёдгорликлари тўпламини ташкил этиш ва қадимий қўлёзмаларни жамлаш учун Москвадан Самарқандга чақириб олиниши натижасида китоб ёзилмай қолган.

Шу баҳона юртига қайтган Пўлат Солиев 1927 йил январда ташкил этилган Самарқанд олий педагогика институти Шарқ тарихи кафедраси мудири лавозимида иш бошлаган. Бу ерда шарқшунос олим, адиб ва давлат арбоби Абдурауф Фитрат, профессор В.И. Вяткин, адабиётшунос олим О. Шарафиддинов, тилшунос олим, профессор Ғози Олим Юнусов билан ҳамкорликда меҳнат қила бошлайди. Пўлат Солиев ҳамкасблари орасида ўта босиқлиги, камгаплиги, маданияти, камтар, илмий баҳсларда бошқаларнинг нуқтаи назари ва фикрини диққат билан ўрганиб, мунозарали жиҳатларини асосли далиллар билан исботлаб бера олиши билан ажралиб турган. 

1930 йили Самарқанд олий педагогика институти Ўзбекистон педагогика академиясига айлантирилган ва шу йилнинг 28 сентябрда Туркистон халқлари тарихининг билимдони бўлган Пўлат Солиевга академия профессори унвони берилган. 



ТАҚИҚЛАР...

ХХ асрнинг 30 йилларидан миллий зиёлилар ва уларнинг асарларини таъқиб қилиш бўйича бошланган тадбирлар Пўлат Солиевни ҳам четлаб ўтмади. Эндигина профессор унвонини олган олимнинг 1926 йилда ёзилган «Ўрта Осиё тарихи (ХI-ХV асрлар)” китоби 1933 йил август ойида Ўзбекистон Коммунистик партиясининг Самарқанд шаҳар бўлими ва шаҳар назорат комиссиясининг қўшма йиғилишида муҳокама қилиниб, тарихни қўмсаш ҳамда идеаллаштиришда айбланган. Китобдан олий таълим муассасаларида дарслик сифатида фойдаланиш тақиқлаб қўйилган. Пўлат Солиев ва унинг маслакдошларига мавжуд тузум манфаатларига хизмат қилишлари лозимлиги уқтирилган. 

Ижтимоий фанлар, айниқса, тарих фанининг жамият онгини тарбиялашдаги тенгсиз ўрнини яхши англаган большевкилар Ўзбекистон ССРнинг қадимги давридан то 1930 йилгача бўлган тарихини коммунистик мафкура нуқтаи назардан ёзиш ишига киришадилар. Бу борада республика ҳукуматининг махсус қарорини ҳам чиқартириб, уни бажаришга бошчиликни Тошкентдаги Революция тарихи илмий-тадқиқот институти назоратида Пўлат Солиевга юклайдилар. 

1933 йили Ўзбекистон педагогика академияси Ўзбекистон ССР давлат университетига айлантирилган ва 1935 йил сентябрида унинг қошида ЎзДУда Ўрта Осиё республикалари ичида биринчи бўлиб «Ўрта Осиё тарихи» кафедраси ташкил этилган. Пўлат Солиев ушбу кафедранинг мудири этиб тайинланган. Ушбу кафедрада ўз даврининг етук олимлари Абдурауф Фитрат, О. Ҳошимов, А.М. Красгюусов, С.А. Лесковский, С.В. Юшков, М.Я. Феноменов ва А. Макиев каби профессорлар фаолият кўрсатган.

1936 йили Пўлат Солиев Тошкентга бутунлай кўчиб ўтиб, Ўзбекистон ССР марказий ижроия қўмитаси қошида ташкил этилган Фан қўмитасида иш бошлайди. Ушбу тузилма кейинчалик Ўзбекистон ССР халқ комиссарлари совети қарамоғига берилган ва унда Пўлат Солиев Ўзбекистон тарихи бўлимини бошқарган. Айни пайтда Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва Бухоро олий ўқув юртларида талабаларга маърузалар ўқиган. 

Пўлат Солиев сермаҳсул ва серқирра олим саналади. 1920 йилларда унинг Қуръони карим матнини илмий шарҳлар билан илк бор ўзбек тилига таржима қилгани маълум. Шунингдек, «Бухоро тарихи» (1923) ва «Манғитлар салтанати даврида Бухоро ўлкаси» (1925) каби асарларини яратган. 

Тарихчи олим Ўрта Осиё тарихи масалаларига мурожаат этар экан, 1926 йили ўзининг йирик асарларидан бири – «Ўзбекистон ва Тожикистон» асарини ёзган. Унда ўзбек, қозоқ, қирғиз ва туркманларнинг ижтимоий, иқтисодий ҳаёти, деҳқончилиги, улардаги ер ва сув масалалари, шунингдек, Россия империясининг Туркистонни тайёр хом ашё базасига айлантиришга уринишларини ёритиб берган. 

Унинг илмий фаолиятидаги яна бир муҳим асар – «Ўзбекистон тарихи»ни яратиши бўлди. Бу ўзбек халқининг кўп асрлик тарихидаги биринчи уриниш бўлиб, қадимги, ўрта аср ва замонавий тарихчиларнинг асарларидан ва бошқа манбалардан олинган маълумотларни жамлаш, умумлаштиришни тақозо қилган. Пўлат Солиев уни тахминан 1935 йили ёзиб тугатган ва қўлёзмани Ўзбекистон ССР компартияси марказий қўмитаси биринчи котиби Акмал Икромов раислигидаги гуруҳга муҳокама қилиш учун топширган.

Афсуски, ушбу қўлёзма нусхаси 1937 йили Пўлат Солиев қамоққа ташлангач, йўқотилган. Унинг мустамлакачилар томонидан қатағон қилиниши эса турган гап эди. Негаки кучли билим, истеъдод ва ўз эътиқодига эга миллий ойдинлар коммунистлар учун энг катта хавф саналганлар Тошкент қамоқхонасида бир йил давомида сақланган жафокаш олим 1938 йил 13 октябрда отувга ҳукм қилинган. 

Англия мустамлакасидан қутулиб, мустақилликни қўлга киритган Ҳиндистон бош вазири Жавоҳарлал Неру 1954 йили СССРга амалга оширган илк ташрифи чоғида Тошкентда ҳам бўлиб, Фанлар академиясига келганида, Пўлат Солиев билан учрашмоқчи эканлигини билдирган. 

Фанлар академияси президенти Теша Зоҳидов, “у киши вафот этганига анча вақт бўлган”, дейди. Шунда Ҳиндистон ҳукумати бошлиғи олимнинг қабрини зиёрат қилмоқчи эканини айтганида, «у киши йўлда вафот этган, шу сабабли қабри номаълум», деб жавоб берадилар. 

Жавоҳарлал Неру Пўлат Солиевнинг Ҳиндистон озодликни қўлга киритишидан 20-25 йил аввал ёзилган «Англия империализми Шарқда», «Шарқдаги ҳозирги аҳвол», «Ҳиндистон Англия зулми остида» китоблари ҳинд ватанпарварларига жуда кучли таъсир қилгани, уларга мустақиллик учун курашнинг асл моҳиятини чуқур англаш, идрок этишда қўлланма бўлганини илмий жамоатчиликка сўзлаб, марҳум Пўлат Солиевга миннатдорлик изҳор қилган. Бу вақтда Ўзбекистон ССРда Пўлат Солиевга эҳтиром кўрсатиш нари турсин, номини эслаш ҳам мумкин бўлмаган. 

Мустамлакачилик ва коммунистик мафкура ҳукмронлиги шароитида турли азоб-уқубатларга дучор этилган ва қурбон бўлган миллий зиёлиларимиз, айниқса, 140 йиллиги нишонланаётган Пўлат Солиевнинг халқимиз олдидаги хизматларини эътироф этиш, илмий-маърифий меросини ўрганиш, кенг жамоатчилик ҳукмига ҳавола этиш биз тарихчи олимларнинг бурчимиздир, албатта. 



Дилноза ЖАМОЛОВА,

ФА Тарих институти докторанти

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори