“Ҳиндистон билан турли соҳаларда конструктив ва узоқ муддатли ҳамкорликни давом эттиришга содиқмиз” – ТИВ
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 24 сентябрь куни Ҳиндистон Давлат ташқи ишлар вазири, Давлат маданият вазири Минакаши Лекхини қабул қилди.
Учрашувда томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда Ўзбекистон – Ҳиндистон ҳамкорлигининг долзарб масалалари юзасидан атрофлича муҳокама олиб борди.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон раҳбарларининг фаол ишончли мулоқоти натижасида икки томонлама муносабатлардаги янги суръат мамнуният билан қайд этилди.
– Биз Ҳиндистон билан турли соҳаларда конструктив ва узоқ муддатли ҳамкорликни давом эттиришга содиқмиз. Олий даражадаги мулоқотлар муваффақиятли ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда, – деди Абдулазиз Комилов.
Учрашувда маданият ва санъат соҳаларида қўшма тадбирлар ўтказиш халқлар ўртасида ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА