Ҳиндистоннинг халқ табобатини ривожлантириш борасидаги илғор тажрибасини ўрганиш мақсадида мамлакатимизнинг мазкур мамлакатдаги элчиси Дилшод Аҳатов Ҳиндистон Аюрведа институтига борди.
Аюрведа институти Ҳиндистон хукумати ташаббуси билан 2009 йилда ташкил этилган, 2017 йилда муассасага миллий институт мақоми берилган. Бу ерда бир вақтнинг ўзида академик ва амалий фаолият йўлга қўйилган.
Бугунги кунда институт таркибида халқ табобатининг турли йўналишларида магистратура ва докторантура босқичларида мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган олий ўқув юрти ва 200 ўринли клиника мавжуд. Институт 20 дан ортиқ хорижий илмий муассасалар билан ҳамкорлик қилади.
Ўзбекистон элчиси институт директори Танужа Несари билан учрашув чоғи мамлакатимизда халқ табобатини ривожлантиришга доир чора-тадбирлар, хусусан, Халқ табобати илмий-амалий маркази ташкил этилгани тўғрисида маълумот берди.
Танужа Несари Ўзбекистон халқ табобати илмий-амалий маркази ва бошқа тегишли тиббиёт муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга тайёрлигини маълум қилди.
ЎзА