Ҳиндистон ҳарбий-денгиз кучлари май ойида АҚШнинг F-18 Super Hornet қирувчи самолётларини синовдан ўтказади.
Бундан кўзланган мақсад шуки, ушбу самолётларни Ҳиндистоннинг янги Vikrant авиаташувчиси бортида фойдаланиш мумкинлигини текшириб кўриш.
Hindustan Times газетасининг хабар беришича, АҚШнинг Boeing корпорацияси келаси ойда иккита F-18 қирувчи самолётини ёзги синов учун Ҳиндистоннинг Гоа штатидаги Ханса авиабазасига жўнатади. Синов парвозлари 21 майда бошланиши мумкин. Мазкур турдаги қирувчи самолётлар келажакда Vikrant авиаташувчиси бортига жойлаштирилиши мумкин.
Ҳиндистон ўзи мустақил равишда ясаган илк авиаташувчиси Vikrant кемасини 2022 йил 15 августда миллий ҳарбий-денгиз кучлари ихтиёрига топшириши керак. Кема ўз бортида Россиянинг МиГ-29К/КУБ самолётларини, Ка-31 вертолётларини ҳамда Американинг MH-60R вертолётларини олиб юриши мумкин. Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, ҳиндистонлик ҳарбийлар самолётларнинг бошқа турларини ҳам кўриб чиқмоқда.