Сиёсий майдонда таҳдид кучайиб бораётганини ҳисобга олиб, Ҳиндистон ўз чегаралари хавфсизлигини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда. Шу сабабли Ҳиндистон Россиядан “С-400” қурилмаси сотиб олишни бошлаган эди.
Айни пайт Ҳиндистон ҳукумати АҚШдан 30 дона МQ-1 Предатор-Б дронлари харид қилиш ҳаракатини бошлади. Бу тахминан 33 миллиард доллар (22 000 рупий)га тушиши кутилмоқда. Янги Деҳли декабрь ойида Ҳиндистон ва АҚШ ўртасида 2+2 музокараси олдидан “General Atomics Aeronautical Systems” компаниясидан Предатор-Б дронини сотиб олиш учун буюртма бериши мумкин.
Ҳиндистон армияси Шарқий Ладахда кескинлик юзага келгани ва Жамму авиабазасига дрон ҳужуми уюштирилганидан кейин Предатор-Б дронларини сотиб олишга қарор қилди.
Бу дрон 115 от кучига эга турбофан двигатели билан жиҳозланган. Узунлиги 8,22, қаноти кенглиги 16,8 метрни ташкил қиладиган, 100 галлонгача нефть сиғимига эга мазкур қурилма анча вақт парвоз қила олади.
Янги Предатор ҳавога кўтарилгач, 2900 километр масофага уча олади. Демак, дрон Ҳиндистоннинг марказий қисмидаги авиабазадан бошқарилса, Жамму ва Кашмирдаги чегарани кузатиш мумкин.
Ускуна 50 минг фут баландликда 6500 фунт юк билан 35 соат парвоз қила олади.
Ҳиндистон армияси айни дам ўз чегараларини ҳимоя қилиш учун Исроилдан сотиб олинган дронлардан фойдаланмоқда, АҚШнинг “Предатор” учувчисиз дронлари эса қирувчи самолёт тезлигида уча олади.
АҚШ 2019 йил Ҳиндистонга қуролли дрон сотишни мўлжаллаган ва ҳатто, ҳаво ва ракетага қарши мудофаа тизимини ҳам таклиф қилган эди.