Ўзбекистон пойабзал саноатида МДҲда етакчи ҳисобланади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар қўшни давлатларга экспорт қилинмоқда. Шу билан бирга, Россия, Туркия ва Хитой мамлакатлари бозорларига кириб бормоқда.
“Ўзчармсаноат” уюшмаси матбуот хизматининг хабар беришича, Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида “Made in Uzbekistan” халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади.
Унда Ўзбекистоннинг етакчи тармоқлари қаторида “Ўзчармсаноат” уюшмаси ҳамда унга аъзо корхоналар ҳам фаол иштирок этмоқда.

Мазкур тадбир юртимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни жаҳон бозорларига олиб чиқиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва янги инвестициявий ҳамкорликларни йўлга қўйишда муҳим платформа сифатида хизмат қилмоқда.
Кўргазма доирасида бир қатор халқаро бизнес-учрашувлар бўлиб ўтмоқда. Шу жумладан, Туркиянинг Истанбул шаҳрида жойлашган “ALSEVO TEMİZLİK GIDA TEKSTİL VE MODA SAN TİC LTD ŞTİ” компанияси раҳбари Сенад Сағлик билан ҳам учрашув ташкил этилди. Унда томонлар ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишди.
Музокаралар давомида махсус саноат соҳалари учун мўлжалланган ҳимоявий пойабзаллар экспорти бўйича келишувларга эришилди. Турк ҳамкорлар ўз навбатида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг дизайни, сифат ва стандартларга жавоб беришига юқори баҳо беришди.
Бундан ташқари, “ALSEVO” компанияси Ўзбекистон билан ҳамкорликни фақат харид қилиш эмас, балки келгусида қўшма ишлаб чиқариш йўналишида ҳам ривожлантириш ниятида эканини билдирди. Ушбу яқинлашув икки томонлама иқтисодий муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Боку шаҳридаги “Made in Uzbekistan” кўргазмаси Ўзбекистон маҳсулотларига бўлган қизиқиш ортиб бораётганини намоён этди. Чунки, бу нафақат экспорт, балки мамлакатимиздаги ишлаб чиқариш тармоқларининг халқаро талабларга қанчалик мос эканини кўрсатади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА