Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг иш билан бандлигини таъминлашга қаратилган ташаббуслар яхши самара бераяпти. Шу жараёндан унумли фойдаланиб, катта тадбиркорга айланган Ҳимоятхон Эралиева бунга яққол мисолдир.
У ўтган йили яқинлари ва фарзандлари ёрдамида тумандаги Фарғона шаҳарчасига кираверишдаги 15 сотих бўш ерда гулчиликни йўлга қўйди. Намангандан олиб келинган 12 минг дона хризантема (халқ тилида глобус гули) ерга қадади. Қисқа вақтда гуллар гўзал бўлиб очилди, бозорда эса харидорини топди. Ҳар бир туп гулдан 20–25 минг сўмдан даромад олган, оиласи учун муносиб манба топган Ҳимоятхон қисқа муддатда тадбиркор сифатида танилди.

– Ким ўйлабди дейсиз, гулчилик орқасидан катта тадбиркорга айланаман деб. Интернетдан маълумотлар топиб, ўргандим, йиғиб қўйган жамғармамдан кўчатлар сотиб олдим. Энг асосийси, гуллар гўзал бўлиб очилди, одамларнинг кўнгли тўлди, ўзим ҳам даромад кўрдим. Шу-шу бўлди-ю гулларга меҳрим тушиб қолди, – дейди Ҳимоятхон опа кўтаринки кайфият билан.
Бу йил эса у туман ҳокимлиги таклифи билан фаолиятини кенгайтирди. Энди у 1 гектар ерда 20 мингдан ортиқ хризантема парваришламоқда. Нархи ҳам чакки эмас.
Ҳимоятхоннинг иши фақат иқтисодий самара билан чекланиб қолмади. У ишсиз ва даромадсиз хотин-қизларни ўйлаб, Гулчилик мактабини йўлга қўйди. Бу ерда аёллар гулчилик сир-синоатларини қунт билан ўрганмоқда.
– Изланган имкон топади деган гап бор. Гулчилик орқасидан ишли, ҳам даромадли бўлдим. Келгусида бу фаолиятимни янада кенгайтирмоқчиман, – деганди у ўтган йили. Бугун эса мақсадига етиб, катта майдонда гул парваришламоқда.
Ҳимоятхон Эралиеванинг режалари янада улкан. Келгуси йил нафақат глобус гули, балки кўп йиллик бозорбоп гул турларини экишни мўлжалламоқда. Шунингдек, имконият бўлса, Тошкент–Термиз халқаро тракти бўйида гул дўкони очиш ниятида.
Ҳар қандай катта иш кичик қадамдан бошланади. Ҳимоятхон ҳам дастлаб 15 сотих ерда иш бошлаганди. Бугунги кунга келиб, у ҳамма ҳавас қилгулик тадбиркорга айланди. У парваришлаётган гуллар эса нафақат ўз оиласига, балки юзлаб аёлларга ҳам умид ва қувонч бағишламоқди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири