Академик М.Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот Институти Қашқадарё илмий тажриба станцияси “Ҳосилдор Замин” замонавий кўчатчилик таълим мажмуасида “Ҳимояланган жойларда кўчат етиштириш технологияси” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Семинарда республика миқёсидаги боғдорчилик илмий-тажриба станцияларининг раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этди. Унда мамлакатимизда кўчатчилик соҳасида мавжуд бўлган камчиликлар ва муаммолар ўрганилиб, уларни бартараф этиш йўллари бўйича муҳокамалар олиб борилди. Қашқадарё илмий-тажриба станциясида ҳимояланган жойларда кўчат етиштириш бўйича амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар мутахассислар томонидан тушунтирилди.
Тадбирда кўчат етиштириш муддатининг қисқариши, пайванд қилиш муддатларини бошқариш имконияти, мавсумдан қатъий назар экиш қулайлиги, ёпиқ илдиз тизими, юқори сифат ва нарх каби афзалликлар хусусида сўз борди.
[gallery-21834]
Мутахассислар томонидан қўйилган саволларга аниқ жавоб берилди. Бу эса иштирокчилар орасида янги ғоя ва таклифларни шакллантирди.
Тадбир якунида Академик М.Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти директор ўринбосари Ж.Аҳмеджанов ушбу технологиялар республика кўчатчилик соҳасини тубдан ўзгартириши мумкинлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, институт тизимидаги барча илмий-тажриба станциялари кўчатчилик соҳасида илғор тажрибаларни қўллаб, экспортбоп мевали кўчатлар етиштиришга қаратилган ишларни давом эттириши керак.
Семинар республика кўчатчилик соҳасида янги имкониятлар ва ечимларни муҳокама қилиш учун муҳим аҳамият касб этди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари