Мамлакатимизда иқлим ўзгаришлари оқибатларини юмшатиш мақсадида чўлланишнинг олдини олиш, ерларнинг деградацияга учрашига барҳам бериш билан боғлиқ тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ушбу саъй-ҳаракатлар нафақат юртимиз, балки бутун Марказий Осиё минтақасида экологик хавф-хатарларнинг олдини олишга хизмат қилади. Шу маънода бугун ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш ишлари ҳудудларнинг тупроқ ва иқлим шароитлари ҳисобга олинган ҳолда олиб борилмоқда.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармон ижросини таъминлаш мақсадида Экология вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон агентлиги томонидан жорий йил бошидан ишлаб чиқилган йўл хариталари асосида амалий ишларга киришилди.
Республика ўрмон фондига кирувчи чўл, тоғ ва тоғолди ҳудудларида ерларнинг эрозияси олдини олиш мақсадида ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш учун 44 та лойиҳа ишлаб чиқилди. Бунинг учун эса жами 3302 гектар ер майдонлари танлаб олинди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида “Яшил лойиҳа” институти мутахассислари ишлаб чиққан лойиҳалар асосида 17 та давлат ўрмон хўжалиги томонидан жами 776 гектар майдонда ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилди. Айниқса, Андижон, Хоразм, Шўртан, Навоий, Навбаҳор, Оҳангарон ва Қизириқ давлат ўрмон хўжаликлари томонидан ушбу тадбирлар ўз вақтида сифатли амалга оширилди, дейилади Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги маълумотида.
Эътиборлиси, Оролнинг қуриган туби ва чўл ҳудудларида саксовул, черкез ҳамда қандим каби бута ниҳоллари экилди ва уруғлари қадалди. Тоғ ва тоғолди ҳудудларда асосан писта ва бодом, нисбатан сувли бўлган ерларда ёнғоқ, наъматак, ўрик, суғориладиган ерларга терак, қайрағоч, павловния ва шумтол каби тез ўсувчи дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, дарахт ва буталарнинг кўкарувчанлик даражаси ер тайёрлаш ишларининг сифатли бўлишига боғлиқ. Бунда ерларга айнан белгиланган мавсумлар оралиғида ишлов берилиши, кўчатлар ўз вақтида агротехник меъёрлар асосида экилиши ва парвариш қилиниши муҳим ҳисобланади. Шу кунларда ҳудудий давлат ўрмон хўжаликлари томонидан ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш ишлари қизғин давом эттирилмоқда.
А.РУСТАМОВ, ЎзА