Президент таълим муассасалари агентлиги томонидан ташкил этилган Халқаро таълим форумида "Cambridge Assessment International Education" (Буюк Британия) ташкилоти ҳам иштирок этиб, Агентлик директори Ҳилола Умарова билан ўқитувчиларнинг малакасини оширишнинг мамлакат келажаги учун тутган ўрни ва режалар ҳақида суҳбатлашди. Ушбу суҳбат Буюк британиянинг Сambridge.org сайтида эълон қилинди.
Суҳбатда агентлик раҳбари Ҳилола Умарова жумладан шундай деди:
“Бугунги кун ўқитувчилардан ўқувчиларни ҳар қачонгидан ҳам тез иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришларга тайёрлашларини, ҳатто ҳали ихтиро қилинмаган технологиялардан фойдаланишга ўргатишни талаб этмоқда. Педагоглар малакасини ошириш халқаро меҳнат бозорида рақобатлаша оладиган "глобал фуқаролар"ни тайёрлаш бўйича мақсадларимизга эришишдаги энг муҳим нуқталардан биридир.
Агентлик томонидан ҳамкор ташкилотлар билан бирга яратилаётган янги ўқув дастури ва таълим ёндашуви ўқитувчиларга уларнинг касбий ривожланишида ва янги ўқитиш кўникмаларини эгаллашда ёрдам беради. Бунда ўқитувчилар амалиётдан ажралмаган ҳолда узлуксиз малака ошириш имкониятига эга бўладилар. Ҳамкорлик бўйича бошқа кўплаб таклифлар қаторида Кембриж дастурлари танланди. Ҳамкорлар агентликка қўшимча ресурслардан фойдаланиш имконини беради".