Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳикматли шеърият соҳиби
16:31 / 2025-12-04

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Дўстлик” ордени соҳиби, таниқли шоир, уюшма аъзоси Чоршам Рўзиев таваллудининг 70 йиллигига бағишланган адабий-ижодий учрашув ташкил этилди.

Учрашувга адабиёт мухлислари, ёзувчи ва шоирлар, олимлар, талаба-ёшлар, маънавият тарғиботчилари таклиф  этилди.    

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиснинг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, таниқли адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Қозоқбой Йўлдошев, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, устоз журналист, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев ва бошқалар Чоршам  Рўзиев ижоди хусусида батафсил сўзлади.  

[gallery-26558]

–  Чоршам Рўзиев шеъриятида унинг қалбига, руҳиятига мос зангор рангларни топасиз, – деди Ёзувчилар уюшмаси раиснинг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо.  – Ижодкорнинг илк шеъри 15 ёшида “Баҳор” номи билан туман газетасида чоп этилган. Бу шеър ҳамон ўзининг тароватини сақлаб қолгани билан аҳамиятлидир. Ижодкор Жанубий Корея, Туркиядаги йирик адабий анжуманларда мунтазам иштирок этиб келади.   Улуғ алломаларимиз ҳаёти, ижодига бағишланган асарлар унинг ижодида алоҳида ажралиб туради. Унинг тарихий асарлари ижодкорнинг тадқиқотчилик иқтидорини намоён этади. Атоқли шоир Рауф Парфи таъбири билан айтганда, Чоршам Рўзиев сўзнинг ҳали ҳеч ким кашф этмаган маъноларини кашф этишга интилмоқда. У сўзнинг тарихини, таъмини билади.    

–   Кейинги ўн йиллар давомида Чоршам билан узвий ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз, – деди “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев. – Унинг шеърияти ибратли, ҳикматли шеърият. Зеро, шоирнинг ўзи ҳам халқига интилган, халқ эса унга интилган шоирдир. Рауф Парфи “шеър –  ўнгда кўрилган туш” деб таърифлаганди. Чоршам ўз ижодида шу сўзларнинг маъно-мазмунини очиб берди.    

–   Чоршам Рўзиев – энг қалтис дамларда ҳам ўз миллийлигини йўқотмаган, одамийлик мақомини баланд тутиб келаётган  ижодкор, – деди таниқли адабиётшунос олим, филология фанлари доктори  Қозоқбой  Йўлдошев. – Чоршам бутун дунё ташвишларини  чекувчи ижодкордир. Яратган шоир ҳали дунёга келмай туриб қалбига ишқ ўтини солиб қўйган ижодкордир.          

Дарҳақиқат, эътироф этилганидек, Чоршам Рўзиев  ҳавас қилса арзигулик ҳаёт йўлини босиб келмоқда. Унинг “Шарқий қутб”, “Маҳак тош”, “Афанди алдамайди”, “Айро йўллар”, “Севгини соғиндим”, “Ошиқлик” каби шеърий мажмуалари, “Сайланма” китоби адабиёт мухлисларининг меҳри ва эътиборига сазовор бўлган.            

Адабий тадбирда Чоршам Рўзиевнинг инсоний фазилатлари,  бетакрор ижоди  ҳақида батафсил сўз юритилди. Дилбар қўшиқлар ижро этилди.  

Назокат Усмонова,

Ойбек Пардаев (суратлар),  

ЎзА мухбирлари