Хитой Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ президенти Дональд Трампнинг “Олтин гумбаз” деб номланувчи ракетага қарши мудофаа қалқони дастурини глобал стратегик мувозанат ва барқарорликка хавф сифатида баҳолаб, Қўшма Штатларни ташаббусдан воз кечишга чақирди. Бу ҳақда “IRNA” ахборот агентлиги ёзмоқда.
Аввалроқ, Трамп ва унинг мудофаа вазири Пит Хегсет “дунёнинг бошқа бурчагидан, ҳатто коинотдан учирилган бўлса ҳам тўхтатишга қодир” ҳимоя тизимини яратиш бўйича саъй-ҳаракатларни тасдиқлаган эди.
Қўшма Штатлар етакчисининг айтишича, лойиҳанинг умумий қиймати тахминан 175 миллиард доллар бўлиб, у уч йил ичида тўлиқ ишга тушади.
ХХР Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мао Нинг мазкур ташаббус "космосни уруш зонасига айлантириш ва қуролланиш пойгасини яратиш хавфини оширади, халқаро хавфсизлик ҳамда қуролларни назорат қилиш тизимини мувонатдан чиқариши"ни таъкидлади.
– Биз АҚШни ракетага қарши глобал тизимни ишлаб чиқиш ва жойлаштиришдан воз кечишга, йирик давлатлар ўртасидаги стратегик ишончни мустаҳкамлаш ҳамда глобал стратегик барқарорликни таъминлаш учун аниқ чоралар кўришга чақирамиз, - дея фикр билдирди Мао.
Мусулмон Зиё, ЎзА