Бухорода Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ташаббуси билан “XXI аср аёли» Республика кўрик-танловининг воҳадаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талаба-қизлар ўртасида вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Тадбирда юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқий ва сиёсий билимларини мустаҳкамлаш, оила ва жамиятда муносиб ўрин эгаллашларида кўмаклашиш, улар мавқейини янада юксалтириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганлиги таъкидланди.
Кўрик-танлов олий ўқув юртларида илмий изланишлар олиб бораётган талаба-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш мақсадига қаратилгани билан аҳамиятлидир.
2009 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган мазкур кўрик-танлов партия ғояси, мақсад ва вазифаларини кенг тарғиб этишда ва юксак билим, салоҳиятга эга хотин-қизлар орасидан сиёсий етакчиларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этиб бормоқда.
Танловда иштирокчилар уч шарт, – «Давлат тили ҳақида»ги Қонун талаблари асосида диктант ёзиш, «Алла» қўшиғини ижро этиш ҳамда партиянинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар асосида тайёрлаган ижтимоий лойиҳалар тақдимоти бўйича беллашди. Уларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб ва одилона тарзда баҳолаб борилди.
Якуний натижаларга кўра, Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти 3-босқич талабаси Дилшода Баҳронова биринчи, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Бухоро филиали 3- босқич талабаси Азиза Ибрагимова иккинчи, Бухоро давлат университети ўзбек филологияси 2-босқич талабаси Дилнурабону Войисова учинчи ўринларни эгаллади.
Танловда ғолибликни қўлга киритган Дилшода Баҳронова танловнинг якуний босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилади.
Зариф Комилов, ЎзА