Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳелмут Далов: исмим қоғозларда немисча бўлгани билан юрагим ўзбекча уради
17:39 / 2021-10-05

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида тарихчи олим ва таржимон Ҳелмут Далов билан ижодий учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда олим немис тилига таржима қилган «Бобурнома» ва «Қуёшга интилиб» китоблари тақдимоти ўтказилди.

Адабий учрашувда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, филология фанлари доктори, профессор Хуррам Раҳимов ва бошқалар олим ва таржимон Ҳелмут Даловнинг ўзбек адабиётини Европага тарғиб қилишда қўшган ҳиссасини юқори баҳолади. Шунингдек, «Бобурнома»нинг жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрни ҳақида алоҳида тўхталишди.  

–Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижоди нафақат шарқ,балки ғарб учун ҳам доим аҳамиятли ва қизиқ бўлган, – дейди Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али. –Таржима машаққатли йўл. Биргина сўзни нотўғри таржима қилинса, бутун бошли матн нотўғри маъно касб этиши мумкин. Айниқса, «Бобурнома»ни таржима қилиш ва уни тушуниш учун аввало катта салоҳият керак. Шу қаторда шарқ маданиятини яхши билиш ҳам керак. Ҳелмут Далов ўзбек адабиётини, тарихини яхши ўрганган олим сифатида «Бобурнома» ни таржима қилишга ҳақли. Қолаверса,у ўзбек тилини ҳам мукаммал ўрганган.  

[gallery-4164]

–Айни вақтда Германияда истиқомат қилсамда, Ўзбекистон менга бегона эмас, –дейди Ҳелмут Далов. –Шу ерда туғилдим, таҳсил олдим. Ўн саккиз йил ўқитувчи бўлиб ишладим. Айрим сабабларга кўра, Германияга қайтишга тўғри келди. Энди ўша ерда яшаб, ижод қиляпман.Аммо бир он Ўзбекистонни унутганим йўқ. Исмим қоғозларда немисча холос, юрагим ўзбекча уради. Ана шу муҳаббат, Ватанни севиш туйғуси ва Бобурга бўлган алоҳида ҳурматим туфайли мен ушбу асарни немис тилига таржима қилишга киришдим. Қарийб беш йил ичида бунга эришдим. Мақсадим Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижоди орқали ўзбек адабиётини олмон халқига яқиндан таништириш, шарқнинг бой маънавий меросини тарғиб этишдир.  

Таржимон, ёшлар ва мактаб ўқувчилари иштирокидаги тадбирни Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқов олиб борди. Тадбир давомида олим ва таржимон Ҳелмут Даловга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига фахрий аъзолик гувоҳномаси топширилди. Олим ва таржимон Ҳелмут Далов ёшлар томонидан берилган саволларга жавоб берди. Тажрибалари билан ўртоқлашди, ҳаёт йўли ҳақида сўзлаб берди.

 

Д.Маматова, ЎзА