Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 52-сонли алоҳида ёрдамга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактабда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди!» номли маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар ногиронлиги бўлган шахслар жамиятнинг узвий бўлаги экани, шу боис улар ҳам барча инсонлар каби мамлакат ҳаётида қатнашишлари кераклигини таъкидлаб, юртимизда бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот бериб ўтдилар.
— Бугун мамлакатимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг таг замирида инсонни улуғлаш, унинг шаъни, қадр-қимматини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган, — дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Тошпўлат ХОЛИҚОВ.
— Айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами бўлмиш ногиронлиги бўлган шахсларга ҳаётда тенг имконият ва шароитлар яратиш, айниқса, ногиронлиги бўлган болаларнинг таълим олиши, саломатлигини асраш, бир сўз билан айтганда уларга ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш долзарб масалалардан бирига айланди. Бугунги ўтказилган тадбир эса ана шу каби эзгу мақсадларга хизмат қилгани билан янада аҳамиятлидир.
Хайрия кечаси сўнггида таълим муассасаси ўқитувчи ва ўқувчиларига вазирлик томонидан совға-саломлар улашилди.