Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмас (+видео)
14:16 / 2026-02-16

Айни пайтда Фарғона вилояти Бувайда туманидаги “Оқтепа” маҳалла фуқаролар йиғинида 1046 та оилада 3565 нафар аҳоли истиқомат қилади. “Камбағалликдан – фаровонлик сари” дастури доирасида маҳалладаги кам таъминланган оилаларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маҳалланинг ижтимоий ходими Гавҳарой Узоқованинг маълум қилишича, ҳозирги кунда ҳудудда 61 нафар ногиронлиги бўлган шахс ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган. Уларнинг бандлигини таъминлаш, турмуш шароитини яхшилаш юзасидан манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази туман бўлими ҳамда «Бизнесни ривожлантириш банки» Фарғона вилояти филиали ҳамкорлигида мазкур маҳаллада яшовчи, II гуруҳ ногиронлиги бўлган Акбар Мамасолиев оиласига бепул компьютер жамланмаси топширилди. Бу орқали хонадон соҳибининг доимий бандлиги таъминланиб, уй шароитида компьютер ва интернет орқали хизмат кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйишига кўмаклашилди.  

—  Катта қизим 1-синфда таҳсил олади, турмуш ўртоғим икки ёшли ўғлимизни парвариш қилмоқда, - дейди А. Мамасолиев. — Илгари оиламизда ҳеч ким ишламагани боис рўзғор юритиш қийин эди. Ҳозир уй шароитида компьютер ва интернет орқали хизмат кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйдик. Турмуш ўртоғим ҳам яқин кунларда маҳалладаги 41-умумтаълим мактабида техник ходим сифатида иш бошлайди.  

[gallery-27676]

Унинг таъкидлашича, касаллиги сабаб маълум муддат тўшакка михланиб қолган бўлса-да, кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик уни руҳлантирган.

«Бизнесни ривожлантириш банки» Фарғона вилояти филиали раҳбари ўринбосари Раънохон Ҳожиболаеванинг маълум қилишича, оилага имтиёзли кредит асосида қурилиш жиҳозларини кунлик ижарага бериш хизматини ташкил этишда ҳам амалий ёрдам кўрсатиш режалаштирилган. Бу эса оила даромадини янада оширишга хизмат қилади.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/MD6bvksGRIw" title="Hech kim mehr va e’tibordan chetda emas" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат, видео), ЎзА