English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳеч ким меҳр-эътибордан четда қолмайди!
12:10 / 2022-06-01

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ҳар йили республикамиз бўйлаб ташкил қилинадиган байрам тадбирларида барча болалар сингари имконияти чекланган ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиши анъанага айланган.

Ушбу байрам муносабати билан жорий йилнинг 31 май – 1 июнь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида вазирлик ва идоралар томонидан турли байрам тадбирлари ташкил этилмоқда. Унда 10 мингдан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар қамраб олинган. 

Халқ таълими вазирлиги маълумотига кўра, бугунги кунда республикамиздаги 86 та имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларда якунига етган ўқув йилида 21 минг 685 нафар ақлий ва жисмоний ривожланишида нуқсони бўлган болалар таълим олади. Шунингдек, ногиронлиги сабабли мактаб ва мактаб-интернатларда таълим олиш имкониятига эга бўлмаган 14 минг 59 нафар ўқувчи уй таълимига жалб этилган. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб тажриба-синов тариқасида инклюзив таълим тизими жорий этилган бўлиб, 31 та мактабда ташкил қилинган 43 та инклюзив синфларда 85 нафар бола тенгқурларидан кам бўлмаган ҳолда таълим олмоқда.  

Бундан ташқари 6 та “Меҳрибонлик уйлари”, 3 та SOS болалар маҳаллаларида 650 нафар,  121 та Оилавий болалар уйларида эса 770 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола тарбияланмоқда. 

Н.Усманова, ЎзА