English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳеч ким ҳаётида адашмасин
17:58 / 2023-09-10

Мамлакатимизда жазони ижро этиш тизимини такомиллаштириш, маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликларини ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш мақсадида уларни ахлоқан тузатиш, тарбиявий ишларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Фарғона вилоятида ҳам уларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, бандлигини таъминлаш ва моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш каби масалаларга муҳим эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, ижтимоий кўникма марказлари  жазони ижро этиш муассасаларидан озодликка чиққан ва авф этилган шахсларга озиқ-овқат, кундалик эҳтиёж буюмлари учун бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш, шу билан бирга, ҳужжатлар, жумлaдан, меҳнат дафтарчаси, дипломлар, нафақа гувоҳномаси ва бошқаларни олишда, зарурий ҳолларда даволаниш, қариялар ва ногиронлар уйларига йўлланмалар бериш,  шахсларни ижтимоий шароитга кўниктириш учун зарур бўлган бошқа ёрдам кўрсатиш вазифаларини бажариб келмоқда.

Жорий йилнинг 7 ойи давомида жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган 1 минг 219 нафар шахслар доимий яшаш хонадонларига етиб келган. Уларнинг 1 минг 193 нафарига шаҳар-туманлар ҳокимликлари ҳузуридаги ижтимоий кўникма марказлари томонидан ҳукумат қарорига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 баробаригача миқдорда маблағ берилди. Озодликка чиқарилган фуқароларнинг барчаси вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда тўлиқ малакали тиббий кўрикдан ўтказилди.  

Марказлар томонидан жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган ҳар бир шахс билан яккама-якка суҳбат ўтказилиб, келгуси ҳаётда ўз ўрнини топиб кетишларига амалий ёрдам берилмоқда. Такроран жиноят содир этилишининг олдини олиш учун тушунтириш ишлари олиб борилиб, жойлардаги маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи, узоқ йиллар давомида турли соҳаларда ишлаб, ҳозирда нафақага чиққан фуқаролар, маҳалладаги намунали оила аъзолари, маҳалла фаолларидан иборат тарбиячи-мураббийлар, ИИБ профилактика инспекторлари уларга бириктирилди.

Озодликка чиққан шахсларнинг 1 минг 144 нафари фуқаролар фуқаролик паспорти билан таъминланди. 961 нафар фуқароларнинг ижтимоий-фойдали меҳнат билан бандлиги таъминланди. Шулардан 392 нафари камбағаликни қисқартириш ва бандлик бўлимлари томонидан иш билан таъминланмоқда. 562 нафари ўз ҳунарлари бўлганлиги учун ҳозирда мустақил равишда тадбиркорлик, чеварчилик, устачилик, дурадгорлик, новвойчилик, савдогарлик билан шуғулланмоқда. Вояга етмаганлари эса умумий ўрта таълим мактабларига, касб-ҳунар мактабларига юборилди ҳамда касб-ҳунар эгаллаш учун мономарказлар томонидан касбга ўқитилиш тизими йўлга қўйилди.  

Хусусан, 1966 йилда Фарғона шаҳрида туғилган Илҳом Мирзараҳимовга марказ томонидан ногиронлик нафақаси тайинланишига кўмаклашиб, саховат уйига жойлаштирилди. Вилоят, шаҳар-туман ижтимоий кўникма маркази ходимлари томонидан жазо муддатини ўтаб қайтган шахсларга амалдаги тартиб-қоидалар асосида ижтимоий-маиший шароит яратиш ишлари вилоят ҳокимлиги, ички ишлар бошқармаси, камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси, соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда олиб борилмоқда.  

– Озодликка чиқиб, ўз оиласи бағрида хурсандчиликда юриш энг катта бахт эканлигини яна бир бор ҳис этдим, – дейди жазо муддатини ўтаб қайтган данғаралик Улуғбек Зоҳидов. – Ҳеч ким ҳаётида адашмасин, дейман. Озодликка чиққанимдан сўнг мени ташлаб қўйишмади, аксинча, ҳам моддий, ҳам маънавий ёрдам кўрсатилди. Ишонаманки, менга берилган эътибор ва кўрсатилган ғамхўрликлар келгуси ҳаётимда ўз йўлимни топишимда туртки бўлади.

М.Сулаймонов, ЎзА