Меҳр-оқибат, хайр-саховат халқимизга хос фазилатдир. Отахону онахонларимиз ҳаётий бой тажрибаси, бошдан кечирган машаққатлари, синовларда тобланган матонати барчамиз учун ибрат мактабидир. Улуғ айём кунларида уларни йўқлаб, ҳолидан хабар олиш ҳам қарз, ҳам фарздир.
Шу нуқтаи назардан Шофиркон тумани ҳокими Алишер Файзуллаев мададга муҳтож, эҳтиёжманд оилалар – “Арабхона” маҳалла фуқаролар йиғини Арабхона қишлогида яшовчи Султон Сулаймонов ва унинг турмуш ўртоғи Муслима Сулаймонова, Чиғилбак қишлоғида истиқомат қилаётган 1-гуруҳ ногирони Муҳаммад Ражабовларнинг ҳолидан хабар олди.
Бобоҳайдар маҳалласи, Тоштемир қишлоғида истиқомат қилаётган Машраб буви Ҳомидова ҳам асрни ортда қолдирган пиру бадавлат онахонлардан. Аянинг хонадони доимо зиёратчилар билан гавжум. Айниқса, байрам кунларида онахонни йўқлаб келувчилар сони ортиб, хонадон янада файз киради. Худди шундай, Шибирғон қишлоғида Шарофат Очиловани ҳурмат-иззат билан тилга олишади. Боиси, турмуш қийинчиликларини мардона енгиб, турмуш ўртоғи билан елкадош бўлган нуроний бувининг сабр-матонати, камтар-камсуқумлиги, оиласига садоқати кўпчилик учун ибратдир.

Шарофат ая оиласида 10 нафар фарзанд туғилиб вояга етган, айни пайтда турли соҳаларда меҳнат қилишмоқда. Фарзандларини ҳеч кимдан кам қилмай, оқ ювиб, оқ тараган ота-оналар эса чеккан заҳматлари туфайли меҳр-мурувватга ва эъзозга муносибдирлар.
“Калон” маҳалла фуқаролар йиғини, Лабижўй кўчасида яшовчи 19 ёшли Ирода Искандарова ҳам минг афсуски, тақдирнинг беаёв зарбасига дуч келган ва биринчи гуруҳ ногиронига айланган. Мурғак жуссасига номувофиқ исми жисмига мос катта ирода соҳибаси жисмоний имконияти чекланганига қарамасдан, уйда якка тартибда ишлаб, чеварлик қилиб тирикчилигини ўтказаётгани таҳсинга лойиқ.

Чиғилбак қишлоғида яшовчи Муҳаммад Ражабов ҳам умр бўйи дурадгорлик қилиб, элда ҳурмат қозонган меҳнаткашлардан бири. Ўз даврида қишлоқдошлари иморатлари учун бежирим эшик-деразалар ясаб бериб, баҳолиқудрат ҳиссасини қўшган уста бахтсиз ҳодисага учраб, оёқларидан қаттиқ жароҳат олган ва кўп йилдирки, оғир шароитда яшаб келади. Аммо яқин дўст-биродарлари, фарзандлари, қолаверса, маҳалла-кўй Муҳаммад ота сингари ҳаётнинг бешафқат кўргилигига дуч келган, жисмоний имконияти чекланган юртдошларимизни четлаб қўймаган.
Доригар маҳалласида эса 1-гуруҳ ногирони Саломат Сулаймонованинг хонадони ҳамиша саришта-саранжомлигини кўриш мумкин. Бу ҳам бўлса, хонадонга келин бўлиб тушган Гулжон Раҳмонаванинг куюнчаклиги, қайнонаси хизматига доимо шайлигидан бу. Нуроний аёл парваришида банд бўлган келиннинг ишлашга имкони йўқлиги инобатга олиниб, уй бекасига субсидия асосида иссиқхона қуриб берилиб, лимон кўчатлари етказиладиган бўлди.

“Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғини, Қассоблар кўчасида истиқомат қилаётган Худойберди Тўлаев жисмоний имконияти чекланган, 1-гуруҳ ногирони эканлигига қарамай, ҳозир муҳандислик техникумида таҳсил олмоқда.
Тақдирнинг аёвсизлигини қарангки, таянч ҳаракат тизимида нуқсони бўлган Худойбердининг укаси М. Тўлаевда ҳам шундай оғир касаллик аломатлари қайд қилинган.
Маҳалла “Ёшлар дафтари”га кирган бу ака-уканинг даво муолажаларини олишлари учун 2023 йилда 11 миллион сўм маблағ ажратилган.
Уйида туман ҳокими билан суҳбатда Худойберди ногиронлар таянч ҳаракат аравачасига эҳтиёжи борлигини билдирди ва унинг бу мурожаати шу куниёқ қондирилди.
–Жуда ҳам хурсанд бўлдим, -дейди Худойберди Тўлаев. – Туман ҳокими таянч ҳаракат аравачаси совға қилди. Энди мен бемалол кўчаларни айланишим мумкин. Эътибор, ғамхўрликдан бошим осмонга етди.
Зарчабек маҳалла фуқаролар йиғини, Султонобод кўчасида истиқомат қилувчи, Бибиражаб Қўлдошева ҳам маҳалланинг фаол аёлларидан бўлиб, кўп йиллар Шофиркон туман маиший хизмат кўрсатиш комбинати масъул ходими сифатида ишлаган. Бугунга келиб табаррук 70 ёшга етган аёл минг афсуски, биринчи гуруҳ ногиронига айланган ва табиийки, ногиронлик аравачасига муҳтож. Унга ҳам айём кунлари замонавий таянч ҳаракат аравачаси етказилгани кўнгилларни шод қилди.
Умуман, бу каби мисолларни яна давом эттириш мумкин. Муҳими, хайр-саховат, меҳр-оқибат айёми бўлмиш Рамазон ҳайити кунларида туман раҳбари, ҳомийлар, маҳалла раислари, қолаверса, тиббиёт бирлашмаси шифокорлари ҳамроҳлигида хонадонига йўқлаб бориб, ҳолидан хабар олинган эҳтиёжманд, жисмоний имконияти чекланган ҳар бир оилага мадад ёрдами кўрсатилди. Муҳтожларга ногиронлик аравачаси, бепул дори-дармон, кундалик зарур озиқ-овқат маҳсулоти, саломатлигини тиклаш учун касалманд қарияларга санаторийга бепул йўлланма берилиб, уларнинг дуолари олинди.
Чиғилбак қишлоғида сув тақчиллигини бартараф этиш мақсадида бир ҳафта муддатда артезиан қудуғи қазилиб, ишга тушириладиган бўлди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири