“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилояти бўлими ташаббуси билан Кармана туманидаги 25-сон эшитишда нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб интернатида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан “Тинчлик – болалар нигоҳида” шиори остида расмлар танлови ўтказилди.
Юртимизда барча ёшдаги аҳоли қатламини ижтимоий ҳимоялаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, болаларнинг ижтимоий ҳимояси, уларнинг соғлиги ва таълим-тарбияси доимий эътиборда. Бундай ғамхўрликдан ҳеч бир бола четда эмас.

Зеро, ҳар бир бола ҳимояда эканлигини ҳис қилиши муҳим. Бу уларнинг келажакда комил инсон бўлиб улғайиши, Ватанига садоқатли фарзандлар бўлиб етишишида муҳим ўрин тутади. 25-сон эшитишда нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб интернати 1958 йилда ташкил этилган бўлиб, 2021 йилда капитал реконструкция қилинган. Бугунги кунда мактаб интернатида 261 нафар эшитишда нуқсони бўлган болалар таълим олади.

Мактаб интернатида болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва уларни касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида тикувчилик хонаси ташкил этилиб, тўгарак фаолияти йўлга қўйилган. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳузуридаги “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан ўтган йилда ушбу тикувчилик цехига тикув машиналари олиб берилган эди. Ҳозирда ўқувчилар тикувчилик сир-асрорларини ўрганмоқда.

– Боланинг кўнглини кўтариш инсоннинг ўзига ҳам қувонч бағишлайди, – дейди фонд вилоят бўлими бошқаруви раиси Ф.Солиев. – Бугунги кунда болаларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, доимо эътибор марказида бўлиб келмоқда. Айниқса, 2020 йилнинг 29 майидаги “Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори мамлакатимизда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш ва ушбу соҳадаги халқаро мажбуриятларни бажаришнинг таъсирчан тизимини яратиш йўлида чинакам тарихий ҳужжат бўлди.

Танловда ўқувчилар тинчлик, тотувлик, одамларнинг бир-бирига ўзаро меҳр-муҳаббатини, мусаффо осмон ва давлатимиз байроғини расмларда акс эттирди. Якунда 11-“б” синф ўқувчиси Зуҳра Мирзоҳидова ғолиб, деб топилди. Ғолиб ва барча иштирокчиларга совғалар топширилди.

Абдували Бўриев, ЎзА