Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳеч бир ота фарзандига хулқу одобдан буюкроқ мерос бера олмайди
15:41 / 2021-01-20

Президентимиз раислигида куни кеча – 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Ушбу йиғилишда ҳуқуқшунос, Республика маънавият ва маърифат марказининг эксперти, Маърифат тарғиботчилари жамияти аъзоси сифатида қатнашдим. Ҳуқуқшунос сифатида ҳамиша маънавият ва ҳуқуқ бирга юришини, тарозининг икки палласи бўлиб, бир-бирини тўлдиради, деган ғояни ёшларимизга қайта ва қайта таъкидлардим. Чунки маънавиятли инсон жамиятда юриш-туришни, кийиниш ва муомала маданиятини яхши англайдики, бундай инсонлар ўзгаларга яхшилик, эзгулик қилганидан завқланиб яшайди.  

Ўзбекистон янги Ренессанс остонасида турибди. Амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон манфаатлари йўлидан бораётганлигини нафақат халқимиз, балки халқаро ҳамжамият ҳам тан олмоқда. Шундай даврда битта нарсага алоҳида эътибор жуда муҳим. Бу маънавиятимиз, миллатимиз эртаси, ёш авлод келажагига эътибордир. Тўғри, Президент ижод ва ихтисослаштирилган мактаблари, олий ўқув юртлари очилмоқда ва фаолият юритмоқда. Лекин дунёда инсонпарварлиги, халқпарварлиги, меҳнатсеварлиги, одиллигию маърифатпарварлиги билан ҳамиша улуғланган қудратли халқимизнинг буюк ўтмиши ва тарихи, миллий қадриятлари биз учун буюк меросдир. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлиги, аввало, халқ маънавиятининг тикланиши, бой тарихий меросимизнинг кенг ўрганилиши, ёшларимиз қалби ва онгига миллий ғоянинг чуқур сингдирилаётганлиги билан узвий боғлиқ. Шу сабабли, уни тарғиб этмаслик айбдир.  

Йиғилишни ҳаяжон ва қувонч билан тингладим. Агар кимдир, маънавият масаласи – бу фақат Маънавият маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши, деб ўйласа, хато қилади. Буларнинг барчаси олдимизда турган энг асосий, энг муҳим вазифалардан биридир, деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Дарахтнинг бўшини қурт ейди, деб бежизга айтмайди халқимиз. Шунинг учун маънавий меросимизда тарбия масаласига алоҳида эътибор бўлган. Жумладан, Абдураҳмон Жомий ўз фарзанди Зиёвуддин Юсуфга насиҳат қилар экан, отаси фақат машҳур киши бўлгани учун унинг номи, обрўси билан мақтанмасликни, балки унинг номига муносиб фарзанд бўлиб етишишни талаб қилади. Шунингдек, “Қобуснома” асарида ҳам “Агар киши ҳар қанча олий насаб ва асл бўлса-ю, аммо ҳунари бўлмаса, у халойиқнинг иззат ва ҳурматидин ноумид бўлур. Улуғлик ақл ва билим биландур, насл-насаб била эмас. Отни сенга ота ва онанг қўймишлар, сен унга ғарра бўлмағил... Бу от фақат бир нишонадин бошқа нарса эмасдур. Аммо сен ҳунар била бир номга эга бўлғил”, дея таъкидланган.

“Қобусномада”ги қуйидаги сатрлар ҳам қимматлидир: “Эй фарзанд, билғилким, ақл юзасидин фарзандға ота-онани иззат ва ҳурмат қилиш вожибдир, нединким, унинг асли ота ва онадур. Ота-она фармонбардордур. Бу фармонбардорликда ҳам иш бўлғай ва ҳам фармон бўлғай. Ота-онанинг иши сени парвариш қилмоқдур ва фармони сенга яхшилик ўргатмоқдур. Эй фарзанд, шул важдин ота-онангни сағал ҳам ранжитмағил”.

Ҳар бир ота-она фарзанди дунёга келган илк ондан бошлаб унга бутун меҳрини беради, бор имконини сарф этади, баркамол инсон бўлишини ният қилиб тарбиялайди.  

Маърифатпарвар Авлонийнинг фикрича, одам туғилишидан ёмон хулқ билан туғилмайди. Муайян бир шароитда ёмон тарбия натижасида уларда ёмон хулқ пайдо бўлади ва шаклланиб боради. Инсондаги қобилиятни камолга етказиш тарбия билан амалга ошади. Агар инсон яхши тарбия топиб, ёмон хулқлардан сақланса, гўзал хулқларга одатланиб, вояга етса, у барчанинг ҳурмати ва эътиборига сазовор бўлган бахтиёр инсон бўлиб шаклланади. Агар аксинча бўлса, унинг ҳар қандай бузуқ ишларни қиладиган, нодон, жоҳил, ёвуз бир одам бўлиб етишишига олиб келади.

Демак, тарбиядан кўзланган мақсад фарзандларимизнинг бахти, эртанги кунининг порлоқ бўлишидир. Президентимизнинг ушбу йилдан бошлаб маънавият ва маърифат соҳаси ихтисосликларини фанлар классификаторига киритиш, бу йўналиш бўйича етук кадрлар тайёрлаш бўйича таклифлари жуда муҳимдир.

Халқ билан учрашувларда аудиторияни жалб этиш ҳам маҳорат. У кучли билим ва нотиқликни талаб этади. Билими бўлиб, уни етказа олмаслик тадбирнинг таъсирини туширади. Қувонарли томони шундаки, марказ қошида Илмий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил этилмоқда. Айнан шу ерда маънавиятимизнинг тарихий илдизлари тадқиқ этилади. Маънавият тарғиботчилари учун махсус қўлланма ва материаллар тайёрланади. Бу ҳам муҳим янгилик: чунки қўлида ёрдамчи қўлланманинг борлиги қуролдир.

«Ижод» жамоат фонди негизида Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш фондининг ташкил этилаётгани ҳам диққатга сазовор. Бу жамғармага 120 миллиард сўм ажратилиб, маънавий-маърифий тарбия ва тарғибот-ташвиқот ишларини самарали амалга ошириш, миллий адабиётни ривожлантириш учун сарфланади. Бу маблағнинг 90 миллиард сўми ҳудудларда маънавий-маърифий соҳаларни ривожлантиришга, 20 миллиард сўми Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлашга, 10 миллиард сўми мамлакат миқёсида маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил қилишга йўналтирилмоқда. Албатта, бундан кўзланган мақсад ҳозирги глобаллашув шароитида аҳолининг кенг қатламлари, айниқса ёшларда миллий ғояга содиқлик, ватанпарварлик туйғуларини, юксак маънавий-ахлоқий қарашларни тарбиялашнинг, уларда мафкуравий-маънавий иммунитетни шакллантиришдир.  

Давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида маънавият учун энг катта хавф бу – аксарият одамларимизда лоқайдлик ва бепарволик кучайиб бораётганида, дея таъкидлади. Айниқса, ҳозирги замонда маънавий нуқтаи назардан «ухлаб ётиш»га, лоқайд бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Барча фожеа ва муаммолар, Ватанга, миллатга, келажакка хиёнат айнан лоқайдликдан бошланиши қайд этилди.

Маънавият инсон, жумладан, ёшларимизнинг жамият ва унинг аъзолари манфаатларини ҳимоя қилиш, мустақилликни асраб-авайлаш, уни янада мустаҳкамлаш, муайян вазифани адо этишда фидойилиги, бутун куч ва имкониятларини тўла сафарбар этишини англатадиган категориядир. Шу боис, эндиликда ҳар вилоят, ҳудудлар кесимида маънавият тарғиботи йўлга қўйилиб, Маънавият монументи ўрнатилиб, шу ҳудудда фидойи ва фаол маънавият тарғиботчилари рағбатлантирилади. Айниқса, ҳокимларнинг рағбатлантириш масаласи ҳам ҳаммага маъқул бўлди. Олий таълим муассасаси ўқитувчиларининг маънавий тарғибот ишлари учун 50 фоиз устама қўшиш таклифи ҳам кутилмаган янгилик ва маънавиятимизга бўлган эътирофдир. Зеро, ёшларимизни ҳар куни, ҳар онда фидойи бўлиши, миллий ва маънавий қадриятларимизга ҳурмат ва эътибор асосида ўз олдига қўйган буюк бунёдкорлик, яратувчанлик мақсадлар сари интилиши, ҳақиқий маънавий жасоратга айланади.  

Буюк ҳадис илмининг султони Имом Бухорийнинг “Одоб дурдоналари” (“Ал-Адаб ал-муфрад”) китобида келтирилган муборак ҳадиси шарифда “Ҳеч бир ота ўз фарзандига хулқу одобдан буюкроқ мерос бера олмайди”, дейилишининг сабаби ҳам шунда.  

 

Феруза Муҳитдинова,

ТДЮУ профессори, юридик фанлар доктори,

Маърифат тарғиботчилари жамияти аъзоси