Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳеч бир аёл муаммолар гирдобига тушиб қолмасин
14:39 / 2022-03-07

–Менинг бошимга тушган ишлар бирор бир аёлнинг бошига тушмасин, – дейди андижонлик Наргиза исмли аёл.

– Ҳаётимнинг ўтган уч йил даврини ўйласам юрагим орқага тортиб кетади. Даҳшатли воқеалар, азоб-уқубатлар худди кино тасмасидек кўз олдимдан ўтади. Кимларнингдир гапига ишониб, одам савдоси қурбонига айландим. Россиянинг совуқ ўлкаларидан бирига бориб не-не азобларни кўрмадим, таҳқирланмадим, дейсиз. Паспортимни олиб қўйишган, назоратчи мен ва мен каби бир неча аёлни ҳар қадамини кузатиб туради. Мўмай пул топиш илинжида бу ерларга келганимга минг пушаймонлар қиламан, лекин кеч, фойдаси йўқ.  

Шукрки, ўша ерларда ҳам яхши одамлар бор экан. Кимдир бир гуруҳ аёллар тутқунда сақланаётганлиги ҳақида полицияга хабар берибди. Полиция келиб, бизни бу ердан олиб кетди. Лекин паспорт ва бошқа тегишли ҳужжатларимиз йўқлиги учун қамаб қўйишди. Биз ҳақимизда юртимизга хабар беришди.  

...Отам болалигимизда бизни ташлаб кетган. Укам ва мени онам ёлғиз ўзи тарбиялаган. Уйимдагилар аҳволимни билишгач, ўзи зўрға тирикчилигини ўтказаётган укам ва онам менга қандай ёрдам беришни билолмай шаҳар ҳокимлигига борган экан. Онамни “Меҳримиз Сизга” деган ташкилот раҳбарининг олдига юборишибди. Онам унга аҳволни тушунтиргач, албатта ёрдам беришларини айтибди.  

...Кўп ўтмай “Меҳримиз Сизга” аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари Холидахон Мирзараҳимова саъй-ҳаракати билан вилоят ҳокимлиги ва қатор ташкилотлар кўмагида она юртимизга, уйимга қайтдим. Олис юртдан, тутқунликдан қайтган бўлсамда, саломатлигим ёмонлашган, айниқса, ҳаётга, яшашга бўлган умидим сўнган эди.  
...Ҳаёт менга Холидахон Мирзараҳимовадай аёлни рўбарў қилдики, унинг кўмагида юртимга, оилам бағрига қайтдим, саломатлигимни тикладим, касб-ҳунар ўргандим, ишли бўлдим. Мен бу аёлдан умрбод миннатдорман. 

Ҳа, одам савдоси, турли тазйиқларга, қийинчиликларга учраб, оғир аҳволга тушиб қолган кейинчалик Андижон шаҳридаги “Меҳримиз Сизга” аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази, хусусан, марказ раҳбари Холидахон Мирзараҳимова кўмаги билан тўлақонли ҳаётга қайтган аёллар талайгина. Уларнинг қай бири билан суҳбатлашманг, ҳамиша қийин шароитларга тушиб қолган аёллар ташвиши билан қайғуриб юрадиган Х. Мирзараҳимова ҳақида алоҳида ҳурмат-эҳтиром билан гапиришади. 

Холидахон Мирзараҳимованинг асли касби шифокор. Андижон давлат тиббиёт институтини тамомлаб, акушер-гинеколог мутахассислигини эгаллаган. Кўп йиллар ўз касбини ардоқлаб меҳнат қилди. Айниқса, аёллар, болаларнинг саломатлигини сақлаш бўйича катта тажриба тўплади.  

–  Фаолиятим давомида аёлларнинг ҳаётий, хусусан, саломатлиги, тиббий маданияти ва саводхонлиги билан боғлиқ муаммолар, уларнинг сабаб ва омилларини чуқур ўргандим, – дейди Х. Мирзараҳимова. – Шундан сўнг менда бевосита аёллар билан ишлаш нияти туғилди ва ана шу ниятимни амалга оширишга қатъий қарор қилдим.  

Шу тариқа 2002 йилдан Х.Мирзараҳимова фаолиятида бурилиш бошланди. У дастлаб Андижон вилояти “Бўстон” хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази директори, 2004-2007 йилларда республика “Бунёдкор аёллар” уюшмаси вилояти бўлими раҳбари бўлиб ишлади. 2007 йилда эса ўзи нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида “Меҳримиз сизга” аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий, ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш марказини ташкил этди. Қарийб 15 йилдирки марказ самарали фаолият юритиб келмоқда. Кейинги йилларда марказ қошида қийналган аёллар учун психологик, тиббий, ҳуқуқий, ижтимоий хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилган. Кўплаб семинарлар, турли мавзуларда тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилади. 

Марказда ҳозирга қадар оғир ижтимоий аҳволда яшаётган 5 минг нафардан ортиқ аёлга ёрдам берилди, уларнинг 3 минг нафардан ортиғи марказда касб-ҳунарга ўқитилди, кўпларининг бандлиги таъминланди. Унинг раҳбарлигида марказда аввало, хотин-қизлар, қолаверса, ёшлар ва аҳоли ўртасида меҳр-мурувват, ватанпарварлик, инсонпарварлик ва қийналганларга ёрдам беришдек эзгу ишлар кенг тарғиб этилмоқда, қийин ҳолатга тушиб қолганлар учун психологик, тиббий-ҳуқуқий, ижтимоий хизматлар кўрсатилмоқда. Бу ишлар ана шу тоифадаги кўплаб аёлларнинг ҳаётида муҳим ижобий бурилишлар ясамоқда.  
Марказ томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди ва Ўзбекистондаги халқаро ташкилотлар молиявий кўмаги билан ўнлаб лойиҳалар амалга оширилди. Ана шу лойиҳалар, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилган ишлар натижасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, ишсиз, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган 4 минг нафардан ортиқ аёллар ва уларнинг оила аъзоларга психологик-ҳуқуқий, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Грант лойиҳалари доирасида марказда “Имконият” номли чеварлик, пазандалик цехлари, шунингдек, аёллар гўзаллик салони ишга туширилди. Биргина ўтган йилнинг ўзида 100 нафардан зиёд аёллар турли йўналишларда касб-ҳунарга ўқитилди, 15 нафар қиз ва аёлнинг бандлиги таъминланди. 

Х.Мирзараҳмованинг кўп йиллик самарали меҳнатлари эътироф этилиб, у Ўзбекистон мустақиллиги юбилей саналари нишони, II даражали “Соғлом авлод учун” ордени ҳамда кўплаб фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган. Қаҳрамонимиз нафақат, жамият иши учун фидойи инсон, балки кўплар ҳавас қилса арзийдиган оиланинг бахтли бекасидир. У турмуш ўртоғи билан уч қиз, бир ўғилни эл-юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб вояга етказди.  

–  Ҳеч бир аёл қийинчиликлар, муаммолар гирдобига тушиб қолмасин, – дейди Х.Мирзараҳимова. – Авлодлар давомчиларини дунёга келтирадиган, ҳаётимиз гултожиси бўлган аёлларимиз бахтли-саодатли умр кечирсин. Уларнинг ҳар бир куни байрам, қувончларга тўлсин.  

Орамизда қалбида фақат яхшилик, хайрли ишларга бош-қош бўлишдай эзгу ниятлар билан яшаётган Холидахон Мирзараҳимова сингари фаол ва фидойи аёлларимиз бор экан, ҳаётимиз янада гўзал ва файзли бўлишига асло шубҳа йўқ.  

Фахриддин  УБАЙДУЛЛАЕВ, 
Зуҳриддин УМРЗОҚОВ (сурат), 
ЎзА