Маълумки, бутун дунё оммавий ахборот воситалари иқтисодиёт, хусусан, энергетика соҳаси ҳақида ёзишдан сира чарчамайди. Ғарб матбуоти ва таҳлилчилари, умуман жаҳон энергетикаси ҳолатини доимо кузатиб боради ва ўнлаб халқаро ташкилотлар ҳар битта давлат бўйича алоҳида йиллик ҳисоботларни тузадилар.
Бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси ҳам эътибордан четда қолмаган. Аксинча, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши билан энергетика ислоҳоти ҳукуматнинг Ўзбекистон иқтисодиёти ва жамиятини ривожлантиришга қаратилган кенг таркибий ва институционал ислоҳотлар пакетининг бир қисмига айланиб, мамлакатда соҳага эътибор ортди.
Дунё бўйлаб давлат ва жамоат тузилмаларининг мутлақ кўпчилиги энергетика ҳақидаги фикрини эшитадиган энг обрўли халқаро ташкилот бу Халқаро энергетика агентлигидир. Қизиғи шундаки, 2015 йилда ХЭА Ўзбекистон энергетика тармоғининг аянчли аҳволи, энергия ишлаб чиқариш ҳажми пасайганини қайд этиб, вазиятни яхшилашга қаратилган қатор тавсиялар берган эди.
Хўш, ушбу тавсиялар нималардан иборат?
– Энергия ресурсларини транспортировка қилиш жараёнида йўқотишларга йўл қўймаслик учун, биринчи навбатда, электр ва иссиқлик тармоқларига эътибор қаратиш;
– Электр, иссиқлик энергияси ва табиий газ учун тежамкор тарифларга босқичма-босқич ўтган ҳолда энергия субсидияларини босқичма-босқич бекор қилишни режалаштириш. Инвестицион муҳитни яхшилаш ва давлат инвестиция дастурларини амалга ошириш учун шарт-шароитларни ишлаб чиқиш;
– Мамлакатнинг улкан қуёш салоҳиятини ривожлантиришни давом эттириш; чекка ҳудудларда тармоқдан ташқари қуёш панелларини ишлаб чиқишни баҳолаш;
– Нефтни қайта тиклаш ва газ қазиб олишнинг энг янги технологияларини қўллашни давом эттириш, нефть ва газни қидириш ва қазиб олиш учун янги конларни очиш; мамлакатнинг сланецли нефть ва газ салоҳиятини баҳолаш ва мамлакатнинг юқори оқимидаги нефть ва газ саноатига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни рағбатлантириш;
– Мамлакатда ҳам анъанавий, ҳам муқобил энергия манбаларини ривожлантиришга оқилона инвестиция киритишни рағбатлантириш мақсадида анъанавий, муқобил ёки ноанъанавий энергия манбаларининг энг долзарб жиҳатлари бўйича илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик фаолиятини рағбатлантириш.
Ўшандан буён Ўзбекистонда кўп нарса ўзгарди. Энг муҳими, янги ҳукумат келди ва сиёсатда, иқтисодиётда, ижтимоий-ҳуқуқий соҳаларда, халқаро муносабатларда туб ўзгаришларга йўл олди. ХЭА “Ўзбекистон-2022” ҳисоботида келтирилган иқтибосда шундай дейилган: “2019 йилда бошланган энергетика секторини ислоҳ қилиш барқарор суръатда давом этмоқда. Унинг кўлами ва қамрови бошқа мамлакатларга нисбатан жуда катта ва ХЭА Ўзбекистон ҳукуматининг бугунги кунгача эришилган ютуқлар учун олқишлайди”.
Энергетика ислоҳоти босқичма-босқич амалга оширилмоқда ва ҳозирданоқ ўз самарасини бермоқда ва бу жараён кейинги бир неча йил ичида ҳам давом этади. Шуни таъкидлаш керакки, ХЭАнинг кўплаб тавсиялари аллақачон амалга оширилган ва беш йил ичида энергетика саноати ҳолатини бутунлай ўзгартиришнинг иложи йўқлиги ҳеч кимни ажаблантирмаслиги керак. ХХ асрда секторни яратиш учун ўнлаб йиллар керак бўлди; собиқ тузум даврида яратилган асосий фондлар ўнлаб йиллар давомида эскирди. Энди Ўзбекистон шаклланишининг янги босқичида туб ўзгаришларни амалга ошириш вақти келди. Бу ўзгаришлар аллақачон рўй бермоқда ва жаҳон матбуотида кенг ёритилмоқда.
Энергетика секторини ўзгартириш ва барқарор узатиш лойиҳаси Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши томонидан 2021 йилда маъқулланган. Лойиҳа бутун мамлакат бўйлаб миллионлаб уй хўжаликлари ва корхоналарни ишончли электр энергияси билан таъминлаш учун “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ фаолиятини яхшилашга қаратилган.
Лойиҳа Халқаро тараққиёт ассоциациясининг 380 миллион долларлик кредит маблағлари ва Барқарор қайта тикланадиган энергия манбалари хавфини камайтириш ташаббуси орқали Яшил иқлим жамғармасининг (ЯИЖ) 43 миллион долларлик кредит маблағлари билан қўллаб-қувватланади. Ўзбекистон ҳукумати ушбу молиялаштиришни жуда паст фоиз ставкалари бўйича ва энг узоқ тўлов муддати 40 йилгача бўлган ҳолда олади.
Сир эмаски, Ўзбекистоннинг энергия таъминотида табиий газ устунлик қилади. Кейинги йилларда ҳам умумий энергия таъминотининг ҳам, электр энергиясининг қарийб 85 фоизи газ ҳисобига таъминланган бўлиб, ушбу муҳим маҳсулот барча тармоқларда асосий энергия манбаи ҳисобланади. Газ ҳам экспорт даромадининг асосий манбаларидан бири бўлган, бироқ энди ҳукумат 2025 йилгача экспортни тўхтатиб, газни қўшимча қийматга эга нефть-кимё ва маҳаллий энергия учун ишлатишга қарор қилди.
Ўзбекистоннинг газ инфратузилмасига яқинда қўшилган йирик корхона Шўртандаги GTL заводидир. Корхонада йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газ қайта ишланиб, Евро-5 талабларига жавоб берадиган 1,5 миллион тонна юқори сифатли синтетик ёқилғи ишлаб чиқарилади. Қурилиш 2017 йилда бошланган ва 2022 йилда фойдаланишга топширилган. GTL мажмуасида Шўртан газ-кимё мажмуасининг тозаланган табиий газидан фойдаланилади. 3,7 миллиард долларлик лойиҳа мамлакат саноат тарихидаги энг йирик лойиҳа бўлиб, халқаро банклар консорциуми томонидан молиялаштирилган. Унинг қурилиши бир неча йил давомида халқаро ихтисослаштирилган матбуотлари томонидан ёритилган.
Машҳур SEM (Савдо ва экспортни молиялаштириш) халқаро нашри GTL лойиҳаси ҳақида шундай изоҳ берди: “Бу дунёдаги энг йирик энергия лойиҳаларидан бири бўлиб, у йилига 1,5 миллион тоннадан ортиқ юқори сифатли, экологик тоза синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарадиган юқори технологияли завод бўлади. Маҳсулотлар “Oltin Yo‘l GTL” бренди остида ишлаб чиқарилади, бу эса “Олтин йўл” деб таржима қилинади ва Ўзбекистонни янада экологик тоза ва барқарор жараёнларга эга келажакка олиб борадиган йўлнинг рамзи ҳисобланади. Олинган GTL маҳсулотлари Ўзбекистон иқтисодиётининг транспорт, қишлоқ хўжалиги, авиация ва нефть-кимё тармоқларида қўлланилади”.
Ўзининг углеводород конларини ўзлаштиришдан ташқари, халқаро матбуотда ҳам Ўзбекистоннинг қайта тикланувчи энергия соҳасини ривожлантиришга интилиши юқори баҳоланмоқда. “Euronews” халқаро нашри мақоласида таъкидланганидек, Ўзбекистон 2030 йилга бориб, электр энергиясининг 30 фоизини қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқаришни ўз олдига улкан мақсад қилиб қўйган. Қуёш энергиясидан фойдаланиш ушбу режани амалга ошириш омилларидан биридир. Ўзбекистонда йилига ўртача 330 кун қуёшли бўлиб, қуёш энергиясидан фойдаланиш имкониятлари жуда катта.
Яқинда “Vestnik YES” чоп этган нашрида кўплаб мамлакатларда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам энергетика сектори иқтисодиётнинг муҳим қисми бўлиб, 2021 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 17 фоизини ташкил этишини таъкидлади. Ўзбекистон 2026 йилгача қайта тикланувчи энергия манбаларидан электр энергиясининг 25 фоизини ишлаб чиқариш мажбуриятини олди ва 2050 йилгача углерод чиқиндиларини нолга тенглаштиришни ўз олдига улкан мақсад қилиб қўйди. Шунингдек, унда “ACWA Power” компаниясининг инвестиция бўйича бош директори Клайв Туртоннинг Ўзбекистон ҳукуматининг давлат-хусусий шерикликка узоқ муддатли ёндашуви ва сектордаги тартибга солиш барқарорлигини олқишлаганидан иқтибос келтирган: “Ушбу мустаҳкам пойдеворлар “ACWA Power”га шамол, сув, қуёш ва тоза водород лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун ҳукумат билан 5 йиллик 10 миллиард долларлик ҳамкорлик шартномасини тузиш учун платформа тақдим этди”.
Шу ўринда, ўзининг холислик тамойилларигагина амал қиладиган халқаро ихтисослашган матбуотнинг ҳисоботларини сарҳисоб қиладиган бўлсак, сўнгги йилларда Ўзбекистон энергетика тармоғининг ҳолати сезиларли даражада яхшиланди. Агар янги нефть қудуқларини ўзлаштириш, замонавий ишлаб чиқариш усулларидан фойдаланиш, қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш ва модернизация қилиш бўйича белгиланган режалар амалга оширилса, яқин бир неча йил ичида маҳаллий ишлаб чиқариш нефть маҳсулотлари импортидан яна ошиб кетади.
Обиджон ДИЛМУРОДОВ,
Энергетика вазирлиги
Матбуот хизмати бош мутахассиси.
ЎзА