Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ХДП давлат хизматчиларини ишга жамоат транспортида қатнашини рағбатлантириш тарафдори
13:36 / 2024-10-22

Бугунги кунда кўчаларимизда автомобиллар сони ниҳоятда кўпайиб бормоқда. Бу эса тирбандликларни, қолаверса, турли даражадаги автоҳалокатларни юзага келтираётганига, афсуски, ҳар куни гувоҳ бўлаяпмиз. Ушбу ҳолатларни бартараф этиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Аммо кун сайин автомобилларнинг ортиб бораётгани, автотураргоҳларнинг етарли даражада эмаслиги ва бошқа омиллар бу каби муаммоларни ечиш имконини қийинлаштиради.

Халқ демократик партияси йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ўлимларнинг олдини олиш, тирбандликни камайтириш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш лозим, деб ҳисоблайди. Шу мақсадда партия бу йўналишда бир қатор таклифларни илгари сурмоқда.  

Жумладан, жамоат транспорти тизимини ривожлантириш, жамоат транспорти бекатларини аҳоли учун қулай қилиш, уларни ноқонуний, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатларига қарши курашиш таклиф этилмоқда.  

Автотураргоҳларни кенгайтириш, йўл атрофида пуллик автотураргоҳлар экотизимини йўлга қўйиш, янги турар-жойларда автотураргоҳлар бўлиши ҳақидаги мажбурий талабни киритиш, кўп қаватли автотураргоҳларни жорий этишни рағбатлантириш, шунингдек, давлат хизматчиларини ишга жамоат транспортида қатнашини рағбатлантириш, шахсий транспорт воситалари давлат рақами тоқ ва жуфт сонларини ҳафта кунлари ўртасида тақсимлаган ҳолда ҳаракатланишини чеклаш ташаббуслари илгари сурилмоқда.  

Бундан ташқари, партия йўлларда режалаштирилаётган таъмирлаш ишлари ва уларнинг давомийлиги ҳақида камида ўн кун олдин ушбу ҳудудда ҳамда Интернет тармоғида эълон жойлаштириш орқали фуқароларни хабардор қилиш, автомобилларсиз кўчаларни ташкил этиш, пиёдалар ва велосипед учун йўлакларни кўпайтириш лозим деб ҳисоблайди.  

ХДПнинг бу борадаги таклиф ва ташаббуслари тирбандликларни камайтириш, жамоат транспортидан самарали фойдаланишни ташкил этишга хизмат қилади.  

Муҳтарама Комилова,

ЎзА