Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ХДП: Атроф-муҳитни асрашда ижтимоий мулоқот ва жамоат назорати механизмини кенг жорий этиш лозим
15:17 / 2025-12-01

Сўнгги йилларда дунё миқёсида кузатилаётган иқлим ўзгаришлари одамлар ҳаёт сифати, иқтисодиёт ва ижтимоий жараёнларга сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, мураккаб экологик муаммолар гирдобида қолаётган минтақамизда экологик барқарорликни таъминлаш долзарб масалага айланди.

Шу нуқтаи назардан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг "Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони ижтимоий аҳамияти юқори бўлган ҳужжат сифатида эътироф этилмоқда. Мазкур фармонда устувор экологик вазифалар белгиланар экан, уларни шакллантириш жараёнида кенг жамоатчилик вакилларининг таклиф ва мулоҳазалари инобатга олингани алоҳида қайд этилди.

Фармонга мувофиқ, Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилашга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган чораларни амалга ошириш бўйича махсус комиссия тузилди.  

Комиссия қурилиш жараёнларига чекловлар жорий этиши, чанг чиқарилишини камайтирувчи ускуналарни ўрнатиш каби талабларга риоя этилишини таъминлаш вазифасини бажаради. Шу билан бирга, комиссия томонидан қабул қилинадиган қарорлар ва кўрсатмалар барча давлат органлари, назорат тузилмалари, юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурий ҳисобланади. Бу эса экологик барқарорликка тезкор эришиш имконини беради.

Халқ демократик партияси мазкур фармонни ўз вақтида қабул қилинган, аҳолининг экологик ва ижтимоий муҳофазасига йўналтирилган муҳим ҳужжат сифатида баҳолайди. Партия ўз дастурида иқтисодий ривожланишни давлат ва жамият томонидан тартибга солиш зарурлигини таъкидлайди. Экологик жараёнларда кенг ижтимоий мулоқот ва жамоат назоратини жорий этиш, янги технологияларни қўллаш, меҳнат муҳофазаси ҳамда ишлаб чиқаришнинг экологик тозалигини таъминлаш муҳим йўналиш сифатида кўрсатиб ўтилади.

Партия вакилларининг фикрича, мураккаб экологик вазиятда аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари, хусусан болалар ва нуронийларни қўшимча муҳофаза қилиш чораларини кучайтириш лозим.

Биринчидан, пойтахт ва бошқа шаҳарларда нуронийлар учун хордиқ чиқариш масканларини кенгайтириш, зарурат туғилганда уларга тезкор тиббий ва ижтимоий хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш муҳимдир.

Иккинчидан, таълим муассасаларида, дарс хоналари ва машғулотлар ўтказиладиган жойларда ҳавони тозалаш технологияларини босқичма-босқич жорий этиш зарур.

Халқ демократик партияси парламентдаги фракцияси, халқ депутатлари Кенгашларидаги гуруҳлари ва ҳудудий ташкилотлари билан биргаликда фармонда белгиланган чора-тадбирларнинг сифатли ижросини таъминлаш мақсадида кенг жамоатчилик назорати ва таъсирчан депутатлик мониторингини амалга оширишини билдирди.

Ҳамроз Баянов,

ЎзА