10 декабрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги журналистлар учун Ҳазрати Имом мажмуасига пресс-тур уюштирди.
Халқимиз маънавий меросининг узвий қисми бўлган Ҳазрати Имом (Ҳастимом) меъморий мажмуаси мусулмонлар оламида катта обрў-эътибор қозонган табаррук масканлардан бири ҳисобланади. Мажмуа таркибидаги Қаффол Шоший мақбараси, Бароқхон ва Мўйи Муборак мадрасалари, Тилла Шайх ва Намозгоҳ масжидлари каби тарихий обидалар халқимиз томонидан асрлар давомида асраб-авайлаб келинмоқда.
Бу қутлуғ даргоҳ диёримизда муқаддас ислом дини ва унинг инсонпарварлик ғояларини кенг ёйишда йирик илмий-маърифий марказ бўлиб хизмат қилаётир. Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланаётган Қуръони каримнинг энг қадимий ва мўътабар нусхаларидан бири бўлган Усмон Қуръони, шунингдек, кўплаб ноёб қўлёзмалар жаҳон жамоатчилигининг эътиборини ўзига тортиб келмоқда.
Ҳазрати Имом мажмуасининг тарихимиз, маънавий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини инобатга олиб, унинг асл тарихий қиёфасини тиклашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди, мажмуанинг инфратузилмаси ҳар томонлама такомиллаштирилди.
Давлатимиз томонидан юртдошларимизнинг эътиқод эркинлигини таъминлаш, уларга диний амалларни эмин-эркин бажариш учун барча шарт-шароит яратилмоқда. Сўнгги йилларда ўнлаб масжидлар, диний ўқув юртлари очилди.
Мажмуадаги Ҳазрати Имом жомеъ масжиди юртимиздаги энг йирик масжид ҳисобланади. Бу ерда айвони билан қўшиб ҳисобланса, бир пайтнинг ўзида 6 мингга яқин киши намоз ўқий олади.
[gallery-360]
Масжиднинг орқасидан Бароқхон мадрасасигача чўзилган майдонда камида йигирма минг киши ҳайит намозларини адо этиши мумкин.
Журналистлар Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти фаолияти билан ҳам таништирилди. Яқинда 50 йиллиги нишонланадиган мазкур даргоҳда ислом оламида катта обрў қозонган олимлар таълим олган.
Институтнинг бешта кафедрасида 700 га яқин талаба таълим олмоқда.
Шундан кейин журналистлар Қаффол Шоший мақбараси, Бароқхон, Мўйи муборак мадрасалари билан танишди.
– Тошкентга келган сайёҳ Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилмай кетмайди, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков. – Ҳозир мажмуада Қуръони каримнинг энг қадимий ноёб нусхаси сақланади. Давлатимиз раҳбари бу ерга ташриф буюрганида мажмуада Усмон мусҳафига яраша марказ қуриш кераклигини таъкидлаган эди. Ҳозирги кунда бу маскан ёнида Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилмоқда. Унинг ичида Усмон мусҳафи сақланадиган алоҳида катта музей ташкил этилади.
Куни кеча Президентимиз туризм бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида юртимиздаги маданий мерос объектларини реставрация қилиш, алломаларимизнинг қадамжоларини зиёрат масканларига айлантириш, хориждан зиёратчиларни кенг жалб қилиш юзасидан кўрсатмалар берди. Бу ишлар юртимизда зиёрат туризми тарғиботини кучайтиришда муҳимдир.
Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА