English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳазрат Навоийни англаш — ўзлигимизни англаш
13:15 / 2026-01-31

9 февраль — буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллуд топган кун.

Унинг “Хазойин ул-маоний”, “Хамса”, “Насойим ул-муҳаббат”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”, “Вақфия”, “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Маҳбуб ул-қулуб” каби асарлари ҳали ҳам ўз қадр қимматини йўқотмаган. Бу бебаҳо ижод асарлари асрлар давомида нафақат ўзбек халқини, балки бутун дунё халқларини маърифат, маънавият ва илм билан бойитишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб келмоқда. Шундан келиб чиқиб, қанча ўқисак ҳам, Навоий ижодини тўлиқ ўзлаштириш қийин, аммо ҳар бир саъй-ҳаракат уни чуқур англаш ва қадрлашга хизмат қилади.

Шу маънода, Гулистон шаҳридаги 8-умумтаълим мактабида вилоятдаги умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида “Ҳазрат Навоийни англаш — ўзлигимизни англаш” мавзусида республика танловининг Сирдарё вилояти босқичи бўлиб ўтди. Танлов давомида иштирокчилар Навоийнинг ижоди, фаолияти ҳамда бизга қолдирган бой маънавий ва илмий меросини кенг ёритдилар.

Танловнинг асосий мақсади — буюк шоирнинг бебаҳо меросини чуқур англаш, миллий ўзлигимизга ва маънавий қадриятларимизга эътиборни кучайтириш ҳамда ўқувчиларнинг билим ва иқтидорини юзага чиқариш, бойитишдан иборат.

Танловда вилоятнинг турли туман ва шаҳарларидан ташриф буюрган 33 нафар ўқувчи иштирок этди. Якуний натижага кўра, биринчи ўринни Мирзаобод туманидаги 35-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Сўғдиёна Ҳазратқулова қўлга киритди. Иккинчи ўринни Сардоба туманидаги 12-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Гулираъно Абдурасулова, учинчи ўринни эса Сирдарё туманидаги 1-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Ҳуснора Алиқулова эгаллади.

Ғолиб ва совриндорлар Сирдарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Ғулом Примов, ЎзА