Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида буюк мутафаккир, сўз мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Туркий Маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) Бош котиби Султон Раев иштирокида Навоий ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш билан бошланди.
Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, Маданият бошқармаси ҳамкорлигида, юқори мартабали меҳмонлар, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари, талаба ёшлар иштирок этган тадбирда Навоийнинг ибратли ҳаёти, фаолияти, бой ижодий мероси хусусида сўз юритилди.
Тадбирда жаҳон адабиёти тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган улуғ аллома, сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди, унинг бебаҳо адабий меросини чуқур ўрганиш ҳамда инсонпарварлик ғоялари билан суғорилган асарларини кенг тарғиб этиш юртимизда устувор вазифалардан бири экани таъкидланди. Шунингдек, аллома таваллуд айёми муносабати билан ҳар йили мамлакатимиз бўйлаб адабий-маърифий кечалар ва маънавий тадбирлар ўтказилиб, Навоий сиймосига юксак эҳтиром кўрсатиш эзгу анъанага айлангани қайд этилди.
[gallery-27549]
Қутлуғ сана муносабати билан Андижонда ўтган тадбирда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Туркий Маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) Бош котиби Султон Раев, Андижон давлат университети профессори Абдулҳай Собиров сўз олиб, ўзбек тилининг асосчиси, буюк мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг ҳаёти, ижоди, ижодий меросининг аҳамияти ҳақида гапирди.
Навоий бобомизнинг нафақат адабиёт, балки миллий маданиятимиз, мусиқа ва санъатимиз ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси, шунингдек, унинг асарларида акс этган миллий қадриятлар, инсонпарварлик, ахлоқий ва тарбиявий тамойиллар, гўзал ва бетакрор ғоялар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганлиги алоҳида таъкидланди.
Ижодкорлар, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби ўқувчилари Навоийнинг ғазал ва рубоийларидан намуналар ўқиди.
З.М.Бобур номли вилоят драма театри, вилоят маданият бошқармаси қошидаги мақомчилар ансамбли санъаткор ва хонандалари томонидан Навоийнинг сиймоси акс эттирилган саҳна кўринишлари намойиш қилинди, унинг ғазаллари билан айтиладиган қўшиқлар ижро этилди.
Ҳазрат Алишер Навоий хотирасига эҳтиром кўрсатилаётган бу каби тадбирлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари, таълим муассасаларида бўлиб ўтмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/KO3zJm1Ob4E" title="Hazrat Alisher Navoiy xotirasiga ehtirom" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари