Ўзбекистонда ота-оналарнинг фарзандлари олдидаги масъулияти нафақат ҳуқуқий, балки ахлоқий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бунга яққол мисол сифатида Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида юз берган ҳолатни келтириш мумкин.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Ҳазорасп тумани бўлими хабар беришича, туманда яшовчи фуқаро А.А. фарзандининг моддий таъминоти учун 2014 йил 3 декабрда Боғот туманлараро суди томонидан чиқарилган қарорга асосан ҳар ойлик даромадининг тўртдан бир қисмини алимент сифатида тўлаб келаётган эди.
–Суд қарори чиққанидан бошлаб қарздор А.А. алимент тўловларини мунтазам равишда, ўз вақтида амалга ошириб келган, – дейди давлат ижрочиси Алпомиш Юсупов. –Бироқ у менга боғланиб, фарзанди вояга етгунга қадар тўланиши лозим бўлган барча алимент тўловларини бир йўла тўлаш истагини билдирди. Унинг собиқ турмуш ўртоғи ва фарзандига ҳам бу маъқул бўлди. Шу асосда А.А. фарзанди учун умумий ҳисобда 150 миллион сўм миқдоридаги алиментни олдиндан тўлаб берди. Бу ҳаракати туфайли ижро иши ўз вақтида ва тўлиқ тугатилди.
Бу ҳолат ота-оналарнинг фарзандлари олдидаги бурчи ва масъулиятини чин дилдан ҳис этишининг намунаси бўлиб, жамиятда оилавий қадриятларнинг мустаҳкамланишига ҳисса қўшади.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат),
ЎзА мухбирлари