Хоразм вилоятида аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, хусусан, ичимлик ва оқова сув таъминотини яхшилаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада Ҳазорасп туманида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари алоҳида аҳамиятга эга.
Жорий йилда туманда бир қатор маҳаллалар учун янги ичимлик суви тармоқлари барпо этилмоқда. Хусусан, OPЕК жамғармасининг 14 миллиард 803 миллион сўм маблағи ҳисобидан Шодухуррам, Камолот, Бўстон, Боғўроғлар, Мухомон, Наврўз ва Буюк сиймo маҳаллаларида бир неча километр масофада ичимлик суви тармоқлари қурилмоқда. Ҳозиргача лойиҳа ижрочиси томонидан белгиланган ишларнинг 55 фоизи якунланди.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил март ойидаги “Хоразм вилояти Ҳазорасп туманини жадал ривожлантириш дастури тўғрисида”ги баёнига мувофиқ туман марказида оқова сув тизими ҳам босқичма-босқич барпо этилмоқда. Умумий узунлиги 25,7 километрни ташкил этувчи оқова сув тармоғи ва 6 та оқова сув ҳайдаш иншоотини ўз ичига олган ушбу йирик инфратузилма объекти “Бунёдкор Мубошер” МЧЖ томонидан қурилмоқда. Ҳозир ишларнинг 65 фоизи бажарилган.

– Туманнинг экологик барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этувчи яна бир лойиҳа “Янги Ўзбекистон” массиви инфратузилмасини барпо этиш ишларидир, – дейди “Хоразм сув таъминоти” АЖ бўлим бошлиғи Алишер Раҳмонов. – Зиёлилар маҳалласидан жой олган мазкур массивда ичимлик ва оқова сув тармоқлари қурилиши жадал суръатларда давом этмоқда. Лойиҳа доирасида 13 километр сув тармоқлари, 1 та оқова сув ҳайдаш иншооти ва кунига 2 минг куб метр оқова сувни зарарсиз ҳолатга келтириш қувватига эга тозалаш иншооти барпо этиляпти. Бу иншоотнинг келгуси йили тўлиқ фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Умуман олганда, Хоразм вилоятида сув таъминоти тизимини такомиллаштириш устувор йўналиш сифатида белгиланган. Бу ишлар аҳоли турмуш сифати ва экологик барқарорликни таъминлаш йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.
Нилуфар Бозорова, ЎзА