Куз фаслида қуриган дарахт барглари – хазон энди иқтисодий қийматга эга маҳсулотга айланмоқда. Бухоро давлат университети талабалари – ёш тадқиқотчилар қуриган барглардан қоғоз ишлаб чиқариш технологиясини ишлаб чиқишга муваффақ бўлишди.
– Куз фаслида ҳосил бўлган хазонлар одатда йиғилиб, ёқиб юборилади, -дейди лойиҳа муаллифларидан бири, Бухоро давлат университети талабаси Жаҳонгир Назаров. –Бу эса табиатга, ҳаво таркибига ва инсон саломатлигига катта зарар етказади. Биз эса хазон баргларини кимёвий ишловдан ўтказиш орқали қоғоз олишга эришдик. Асосий мақсадимиз – ушбу қоғоздан экологик тоза қоғоз пакетлар ишлаб чиқариш. Шу билан бирга, А4 форматдаги қоғозлар ва турли хил қоғоз маҳсулотларини тайёрлаш имконияти ҳам мавжуд.
Ёш ихтирочиларнинг режалари фақат шу билан чекланиб қолмаяпти. Бугунги кунда жадал ривожланаётган паррандачилик соҳасида ҳам катта имкониятлар мавжуд. Лойиҳанинг навбатдаги йўналиши – товуқ патларидан пластик ўрнини босувчи экологик тоза хомашё ишлаб чиқариш ҳисобланади.
[gallery-27619]
– Товуқ пати таркибида кератин моддаси жуда кўп бўлади, –дейди Жаҳонгир Назаров. –Биз кератинни лаборатория шароитида ажратиб олиб, уни кимёвий ишлов орқали пластикка ўхшаш маҳсулотга айлантиришни режалаштирдик. Бу эса экологик жиҳатдан хавфсиз, табиатга зарар етказмайдиган маҳсулот бўлади.
Университет лабораторияларида яратилган замонавий шароит, илмий тадқиқотлар учун берилган имкониятлар ва инновацион муҳит бухоролик ёшларни янги ғоялар, янги ихтиролар сари ундамоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари